8 Август 2025 йил 921

Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг вилоят аҳолисига мурожаати


Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

 

Бугунги кунда республикамизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида инсон қадрини юксалтириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга қаратилган кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур ўзгаришлар бош вазифаси маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, қонунбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш бўлган ички ишлар органлари ходимларини фидойилик билан хизмат қилишга ундамоқда.

Натижада соҳа вакилларининг саъй-ҳаракати билан жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 309 та маҳалланинг 183 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади, 96 тасида жиноятларни камайтиришга эришилди. 

Аммо “қизил” тоифадаги маҳаллалар сони Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Фориш ва Зарбдор туманларида юқорилигича қолмоқда. Демакки, ушбу ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга қаратилган ишлар ва ижтимоий профилактик тадбирларини янада кучайтириш зарур. Бу жараёнда кибержиноятларнинг олдини олиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Чунки вилоятда қайд этилган қонунбузарликларнинг 42 фоизи ахборот технологиялари орқали, масофадан туриб амалга оширилган. Яъни кимдир ишонувчанлиги, бошқалар мўмай пул топиш илинжида киберфирибгарлар тузоғига тушиб қоляпти. Шу маънода барча юртдошларимиздан шахсий ва банк пластик карталарига оид маълумотларни ҳеч кимга ошкор қилмасликни, нотаниш ва зарарли иловалардан фойдаланмасликни сўраб қоламиз

Таъкидлаш жоиз, киберўғирлик ва киберфирибгарлик жиноятларининг асосий салмоғи Жиззах шаҳри ҳамда Шароф Рашидов тумани ҳиссасига тўғри келмоқда. Худди шундай, Жиззах шаҳри, Бахмал, Шароф Рашидов ва Ғаллаорол туманларида ўғирлик, Шароф Рашидов, Мирзачўл ва Фориш туманларида фирибгарликлар кўпайган. Ушбу жиноятларга мол-мулк ҳамда товар-моддий бойликларни қаровсиз қолдириш, бепарволик каби омиллар сабаб бўляпти.

Яна бир маълумот: жорий йилнинг 7 ойи давомида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирларида 135 та коррупциявий ҳолатларга чек қўйилиб, қидирувда бўлган 267 нафар шахсга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди. Қолаверса, 32 килограмм 472,9 грамм миқдорида гиёҳванд модда, қарийб 33 мингга яқин психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.

Вояга етмаганлар, аёллар ва ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар ҳам барчамизни сергакликка ундаши зарур. Яъни, ҳар биримиз фарзандларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш чораларини кўришимиз, назоратсиз қолдирмаслигимиз, уларнинг кимлар билан дўст тутинаётганлигига қизиқишимиз лозим.

Азиз юртдошлар!

Ҳеч кимга сир эмаски, мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда автотранспорт воситалари сони йилдан йилга ортмоқда. Қолаверса, Жиззахдан халқаро аҳамиятга эга Тошкент – Термиз М-39 йўли ҳам ўтган. Мазкур жиҳат йўлларда ҳушёрликни оширишимизни тақозо этмоқда. Зеро ҳайдовчилар ва пиёдаларда ҳаракатланиш маданияти етишмаслиги ҳамда айримларнинг қоидаларга амал қилмаслиги туфайли кўнгилсиз ҳодисалар сони ортиб бормоқда. Айниқса, болаларнинг жароҳат олиши ва ўлими билан боғлиқ ҳолатлар кўпайган.

Шу маънода, йўл қоидаларига амал қилинг, бу борада фарзандларингизга ибрат кўрсатинг. Вояга етмаганларнинг катталар назоратисиз йўлларда ҳаракатланишининг олдини олинг. Ана шунда ўзимиз, фарзандларимиз ва бошқаларнинг ҳаёти ва соғлигини асраган бўламиз.

Қадрли жиззахликлар ва меҳмонлар!

Бугунги кунда вилоятимизда криминоген вазиятни соғломлаштириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, қонунбузарликларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва манзилли бартараф этишга қаратилган бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, айни дамларда ички ишлар органлари ходимлари “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида тезкор профилактик тадбирлар ташкил қилиняпти.

Шунингдек, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида маҳаллалар, савдо марказлари, таълим муассасалари каби аҳоли гавжум жойларни видеокузатув қурилмалари назоратига олиш, “намунавий хавфсиз йўлак” ва “хавфсиз кўча”лар ташкил қилиш, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлакларига ташвиш тугмалари ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.

Бундан ташқари, бир қатор идоралар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда жиноят содир этилишига сабаб бўлувчи ижтимоий, психологик ва моддий муаммоларни ҳал қилиш, ҳар бир фуқарода жиноят ва коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланмоқда. Мазкур жараёнда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олинаяпти.

Азиз юртдошлар!

Ҳар биримиз тинчлик бебаҳо неъмат эканлигини яхши англаймиз. Шу нуқтаи назардан Ватанимиз мустақиллиги ва осойишталигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, жиноятчиликни жиловлаш ва коррупцияга қарши курашишда Сизнинг кўмагингизга таянамиз.

Қонунларга қатъий риоя этинг, ўзгалар ҳуқуқ ва шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки дахлсизлигини ҳурмат қилинг. Доимо огоҳ ва хушёр бўлинг!


Эътиборингиз учун раҳмат!

Text to speech