Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги
Жиззах вилояти ички ишлар органлари таркибий тузилмалар ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган азиз опа-сингилларимизни, фахрий аёлларимизни гўзаллик ва нафосат байрами 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев “ Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади. Дуогўй момоларимиз, муштипар оналаримиз ва азиз опа-сингилларимиз бу эҳтиром ва эътиборнинг албатта қадрига етадилар. Аёл қадри, инсон қадри улуғланган юртда эса, тинчлик ва фаровонлик, аҳиллик ва барака албатта барқарор бўлади”, дея алоҳида таъкидлаганлар.
Дарҳақиқат, юртимизда амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар натижасида аёлларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий жараёнларидаги фаоллиги кучайиб бормоқда. Қайсики соҳани олмайлик, албатта, у ерда аёлларнинг юксак натижаларга эришаётганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, хотин-қизларимиз ички ишлар органларида юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўлида садоқат ва фидойилик билан хизмат қилишаяпти. Аёл ходималаримизнинг матонатли хизматлари давлатимиз томонидан муносиб қадрланиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш йўлидаги эзгу ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ушбу айём билан яна бир бор табриклайман. Сизларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака, баҳорий гўзаллик ва табассум доимо ҳамроҳингиз бўлишини тилайман!