Вояга етмаганлар билан ишлаш тизими такомиллашмоқда
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида республика Вазирлар Маҳакамасининг 2021 йил 3 августдаги “Вояга етмаганларга ижтиомий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини самарали таъминлаш мақсадида ўқув ўтказилди. Тадбирда шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳлари катта инспекторлари ҳамда вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологлар иштирок этдилар.
Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни кучайтириш мақсадида уюштирилган мазкур ўқувни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Жўрабек Авазов бошқариб борди. Тадбирда сўз олганлар ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари фаолиятини ташкил этиш, назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганларни аниқлаш, уларни марказга қабул қилиш, сақлаш ва болалар билан якка тартибда профилактик ишларни ўтказишга оид янги тартиблар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, ихтисослаштирилган таълим муассасаларига жойлаштирилган, ижтиомий жиҳатдан хавфли аҳволдаги оилаларда яшаётган ва давлат ёрдамига муҳтож бўлган вояга етмаганларни озиқ-овқат, бирламчи кийим-кечак ва бошқа зарурий ашёлар билан таъминлаш чоралари тилга олинди. Болаларнинг қаровсизлик омилларини ўрганиш, ижтиомий-ҳуқуқий ҳолатига баҳо бериш, тиббий текширувдан ўтказиш, уларни тегишли муассасаларга жойлаштиришга оид меъёр ва тартиблар ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Республика Вазирлар Маҳакамасининг “Вояга етмаганларга ижтиомий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мазкур жараёнларни амалга оширишда ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаларининг вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳлари катта инспекторлари ҳамда вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологларининг қандай вазифаларни бажариши тўлиқ ифодасини топган. Мисол учун қаровсиз бола аниқланганида 5 соат ичида у вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига махсус автотранспорт воситасида олиб кетилади. Худди шундай, ижтиомий-ҳуқуқий ҳолатига кўра болани марказга 48 соатдан ортиқ ҳамда 30 кундан кам бўлмаган муддатга жойлаштириш зарурати пайдо бўлса, масала суд орқали кўриб чиқилади. Қисқаси, қаровсиз қолган вояга етмаганларни ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоялаш борасидаги ҳеч бир жиҳат эътибордан четда қолмаган.
Ўқув давомида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор психологларнинг таълим муассасаларидаги фаолиятини ташкил этиш, хизмат учун соҳага мос шароит яратиш ҳамда уларнинг билим ва тажрибаларини ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, тарбияси оғир болалар, уларнинг ота-оналари билан ишлаш, вояга етмаганларнинг руҳиятидаги бузилишларни аниқлаш, салбий ўзгаришларнинг сабаб ва омилларини бартараф этиш, ҳар бир бола билан алоҳида ишлаш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш, болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш юзасидан тавсиялар берилди.
Соҳа вакилларининг ҳуқуқ мажбуриятлари, иш ҳужжатларининг юритилиши ҳамда фаолиятни баҳолаш мезонлари тилга олинди. Тадбир давомида тажрибали психологлар томонидан вояга етмаганларга руҳий ёрдам кўрсатишга оид маърузалар ўқилди. Якунда бу каби ўқувларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.