Вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлиги муҳокамада
Ўтган йил давомида Жиззах шаҳри ҳудудида вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Жиззах шаҳар ИИБ томонидан шаҳар прокуратураси ҳамда мутасадди корхона ва ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган йиғилишда бу борадаги ишлар хусусида сўз борди. Шунингдек, содир этилган жиноятлар таҳлил қилиниб, сабаб ва оқибатлари тушунтирилди.
Йиғилишда фарзандига таълим-тарбия бериш борасидаги мажбуриятини бажармаслик, вояга етмаганларнинг тунги вақтда кўнгилочар жойларда бўлишига йўл қўйган ҳамда вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари бўйича ота-оналар, масъул мансабдорлар маъмурий жавобгарликка тортилгани айтилди. 2 та ҳолатда эса ўрта умумтаълим мактаблари ўқувчилари автотранспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этишгани қайд этилди.
Бундан ташқари, дарс машғулотларига қатнашмай, назоратсиз шаҳар ҳудудида бемақсад юрган вояга етмаганлар ҳамда профилактик ҳисобга олинган ўқувчилар билан олиб борилган ишларга ҳам диққат қилинди. Хуллас йиғилишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар кўрсатилиб, келгусида ўрта умумтаълим мактабларида маънавий муҳитни соғломлаштириш, вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олишга қаратилган манзилли профилактик чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Уларни амалга ошириш бўйича мутасаддиларга вазифалар юклатилди.
Жиззах шаҳар ИИБ ахборот хизмати