11 Июн 2022 йил 725

Волейбол бўйича Ички ишлар вазири кубоги ўтказилди

Спортнинг волейбол тури бўйича Ички ишлар вазири кубоги учун ўтказилган мусобақанинг Жиззах вилоят босқичи очилишида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров юртимизда оммавий спорт турларини ривожлантириш борасидаги ишлар, мазкур беллашувларнинг аҳамияти ва шахс камолотидаги ўрни хусусида тўхталди. Шунингдек, вилоятимизнинг ёш спортчилари қўлга киритаётган ютуқлари эътироф этилди. Шундан сўнг мусобақага старт берилди.

Айтиш жоиз, спорт тадбири Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида Ички ишлар вазирининг фармойиши асосида ташкил этилди. 3- сектор ҳудудларида яшовчи уюшмаган ёшлар иштирокидаги мусобақада асосий эътибор иқтидорли ва истеъдодли ёшларни селекция қилиш орқали профессонал спорт жамоаларига жалб этишга қаратилган.

Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида 1 июндан 8 июнга қадар мазкур мусобақанинг шаҳар ва туман босқичлари бўлиб ўтди. Ушбу беллашувлар 80 та маҳалланинг қарийб 800 га яқин ёшларини қамраб олди. Ҳудудий босқичларида ғолибликни қўлга киритган 13 та жамоа эса мусобақанинг вилоят босқичида маҳоратларини яна бир бор намоён этишди.

Жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишни тарғиб этиш, ёшларнинг соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларини шакллантириш ва спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш орқали соғлом рақобатни йўлга қўйиш кўзда тутилган беллашув давомида ҳар бир жамоа аниқ мақсад йўлида бирлашиб, ғолиблик учун астойдил кураш олиб боришди. Бу жараёнда ёш волейболчилар куч-ғайрат ва шижоатларини намойиш этишди.

Финалда эса зоминлик ва арнасойлик волейболчилар биринчилик учун кураш олиб боришди. Қизғин кечган баҳслар якунида Арнасой тумани ёшлари ғолибликни тантана қилдилар. Зоминликлар иккинчи ва Зафаробод тумани волейболчилари учинчи ўринни эгаллашди. Ғолибларга вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров диплом ва қимматбаҳо совғаларни топширди. Эндиликда ғолиб жамоа Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги ҳудудлараро босқичида қатнашиб, вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади.

Тақдирлаш маросими сўнггида вилоят маданият бошқармаси томонидан бадиий дастур намойиш этилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech