Вояга етмаганлар иштирокидаги жиноятлар камайди
Мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ички ишлар органларида инспектор психологлар фаолияти йўлга қўйилди. Улар томонидан вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бахмал тумани ички ишлар бўлими инспектор психологи, лейтенант Зумрад Жамуратова доимий равишда ўрта умумтаълим мактабларида бўлиб, ўқувчилар билан якка ва умумий тартибда суҳбат олиб боради. Ушбу профилактик тадбирларга мактаб амалиётчи психологи ва мактаб директори ўринбосари жалб этилади. Ўқувчиларнинг дарсга қатнашиш даражасини кузатиш жараёнида сабабсиз машғулотларда қатнашмаётган ўқувчиларнинг ота-оналари билан суҳбатлашилиб, ўқувчининг дарсларга қатнашиши таъминланаяпти.
Бундан ташқари, аҳоли гавжум жойлар, кўнгилочар, савдо ва компьютер марказларида доимий рейдлар уюштирилади. Биргина жорий йилнинг икки ойида вилоят бўйича ўтказилган шундай тадбирларда қарийб 500 нафарга яқин ўқувчилар дарс машғулотларига сабабсиз қатнашмаётганлиги маълум бўлди. Ушбу вояга етмаганларнинг аксарияти машғулотларга қайтарилиб, мажбуриятини бажармаган уч юздан зиёд ота-оналарга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилди.
Шунингдек, таълим муассасаларида ўзининг салбий ҳулқ атвори билан бошқа ўқувчиларга таъсир кўрсатаётган, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларни содир этаётган ўқувчилар Республика махсус ва ихтисослаштирилган мактабларга, дарс вақтларида бозорлар, кўча ва жамоат жойларида назоратсиз ва қаровсиз юрган вояга етмаганлар вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига қарашли вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Тарбияси оғир ва девиант ҳулқ атвордаги ўқувчилар билан режа асосида ишланиб, тузалиш йўлига ўтганлари рўйҳатдан чиқарилаяпти. Вилоят ҳудудида вояга етмаган шахсларнинг тунги вақтларда ота-онасининг назоратисиз кўнилочар муассасаларда бўлишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар давомида 8 та ҳолатда ресторан ва кафе раҳбарларига маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Хуллас, вояга етмаганлар ўртасида олиб борилаётган шу каби профилактик тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида улар иштирокидаги жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли камайди.