Хизмат интизомини мустаҳкамлаш йўлида
Жиззах вилояти ИИОда хизмат қилаётган хотин-қизлар ўртасида қонунийлик ва хизмат интизомини янада мустаҳкамлаш, уларнинг соҳадаги ўрни ва мавқеини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айни йўналишдаги ишлар вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Ҳ.Абдуллаев ҳузурида ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди. Тадбирда, шунингдек мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”и қарорида белгиланган вазифалар, тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар, ички ишлар органларида кадрлар салоҳияти даражасини юксалтириш борасидаги ишлар тилга олинди.
Маълум қилинишича, ИИО хотин-қизлари ўртасида “Фидойи аёл ходима” кўрик-танлови, спортнинг шахмат ва волейбол турларидан мусобақалар ташкил этилган. Ушбу беллашувлар ғолиблари “Аёл – меҳр-садоқат ва тараққиёт тимсоли” шиори остида жорий ойнинг сўнгги кунларида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган II Республика форумида иштирок этишади. Тадбирда ходималарнинг формали кийим-бош ва формали кийим-бош сирасига кирмайдиган кийимларини кийиб юришларига ҳам диққат қилинди.
Бундан ташқари, йиғилишда шахсий таркибга қонунчилик ва хизмат интизоми бузилишининг салбий оқибатлари, ички ишлар ходими деган юксак шарафли номга доғ туширмаслик, касб маданияти ва хизмат интизоми қоидаларига риоя этиш лозимлиги тушунтирилди. Муҳокама чоғида йўл қўйилган хато ва камчиликларни ҳал этиш бўйича чоралар белгиланди.
Шу куни ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларнинг саф кўриги ўтказилди. Шу билан бирга ходималар ўртасида ўзаро аҳиллик, оила мустаҳкамлигини сақлаш, хизматга бўлган садоқатини оширишга қаратилган психологик тренинг ва машғулотлар ҳам ўтилди.