Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан байрам табриги
Ҳурматли ҳамкасблар, қадрли фахрийлар, эл осойишталигини таъминламоқни муқаддас бурч, деб биладиган фидойи дўстлар! Барчангизни бугунги қутлуғ сана 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни билан самимий табриклайман!
Сўзим аввалида, сиз жамоат
хавфсизлигини таъминлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши
курашиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш орқали Янги Ўзбекистонни барпо этишга
улкан ҳисса қўшилаётганлигингизни эътироф этмоқчиман. Зеро тинчликсиз юксалиш,
фаровонлик бўлмайди.
Ўз навбатида, кунлари
хотиржамликка, тунлари осудаликка уйғун кечаётгани учун халқимиз сиздан беҳад миннатдорлигини,
оғир, лекин шарафли хизматингизни чексиз қадрлашини қайд этмоқчиман. Шу маънода,
ҳурматли Президентимизнинг “Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи
халқ давлатдан рози бўлсин”, деган талаби бош мақсадимизга айланмоғи шарт.
Таъкидлаш жоиз, тизим моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган
изчил ислоҳотлар туфайли фаолиятимиз самарадорлиги йилдан йилга ортиб бормоқда.
Бинобарин, ўтган 8 йил давомида Жиззах вилояти ички ишлар органларига қарашли
30 дан зиёд муассаса таъмирдан чиқарилди, янгилари барпо этилди. Хусусан,
Зарбдор, Дўстлик ва Пахтакор туманлари ички ишлар бўлимлари, вилоят ИИБ жамоат
тартибини сақлаш бошқармаси, “102” хизмати, тиббиёт бўлимида қулай хизмат
шароитлари яратилди.
Айни вақтда Янгиобод тумани ИИБ жамоаси учун бино қурилмоқда. Ғаллаорол
тумани ИИБ биноси капитал таъмирланаётир. Кейинги 2 йилда Бахмал тумани ИИБ
ҳамда вилоят ИИБ тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди учун бино,
тиббиёт бўлими ҳудудида 4 қаватли даволаш муассасаси, Зомин туманида 100 ўринли
реабилитaция марказини қуриш, Жиззах шаҳри ички ишлар бошқармасини капитал
таъмирлаш кўзда тутилган.
Соҳа вакиллари ва уларнинг
оилар аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинмоқдаки,
бундан барчангиз яхши хабардорсиз. Биргина мисол, ўтган йили соҳа вакиллари учун
Шароф Рашидов туманининг “Куёвбоши” маҳалласида 56 та якка тартибдаги турар жой
қурилиб, фойдаланишга топширилганди. Тез орада ана шундай уйлардан яна 48 таси
ходимлар учун ажратилади.
Табиийки, республикамиз раҳбарияти
ҳамда ИИВ томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ҳар биримизни ўз
қасамёдимизга содиқ бўлишга, Ватанимиз, тинчлигини асрамоқ йўлида жонкуярлик
билан хизмат қилишга, халқимиз ишончини оқлашга ундайди.
Азиз дўстлар!
Барчангизни, шу жумладан,
хизмат давомида ҳалок бўлган ҳамкасбларимизнинг оила аъзоларини яна бир бор
Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан самимий табриклайман. Оилангизга
файзу барака, хизматингизда муваффақиятлар тилайман.