Ходимлар ва уларнинг яқинлари билан мулоқот ўтказилди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан Янгиобод ва Зомин туманларида ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, яқинлари билан учрашув ўтказилди.
Янгиобод тумани ички ишлар бўлимида ўтказилган йиғилишда ички ишлар органларида хизмат қилишнинг масъулиятли ва шарафли томонлари ҳақида сўз борди. Хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимлар ўртасида турли салбий иллатларнинг олдини олиш, фуқаролар билан муомала маданиятини яхшилаш каби масалаларда маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Шу билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, жамиятимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашда ички ишлар органлари ходимларининг хизматлари эътироф этилди.
Тадбир давомида ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб, сафдошларига намуна бўлаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномаси топширилди.
Зомин тумани ички ишлар бошқармасида ҳам хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш, ходимларнинг руҳий-маънавий тарбия даражасини, касб маҳорати ва билимларини оширишга қаратилган учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда ички ишлар органларида хизмат интизоми талабларига, қонунчиликка риоя қилиш, мавжуд муаммолар ва уларга ечим топиш йўллари ҳақида сўз борди.
Учрашув давомида ҳар бир ходимга нисбатан эътиборлироқ бўлиш, уларнинг руҳий-психологик ҳолатини ва оилаларидаги ҳолатни батафсилроқ ўрганиш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, ходимларнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқлари хизмат фаолият учун ташкил қилинган қулай шарт-шароитлар, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя, ходимлар ва уларнинг оилаларини моддий қўллаб-қувватлаш тўғрисида маълумот берилди.