Ходимларга имтиёзли сертификатлар топширилди
Мамлакатимизда ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уни мутлақо янги, замонавий босқичга кўтариш, соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 февралдаги “Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастурил амал бўлиб хизмат қилаётир. Ушбу ҳужжат билан соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун бир қатор имтиёзлар берилди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ўтказилган тадбирда ушбу имтиёздан фойдаланиш имконига эга бўлган ходимлар ва уларнинг ота-оналари, оила аъзолари иштирок этишди.
Йиғилишда бошқарма бошлиғи, генерал-майор Ғ.Қодиров сўзга чиқиб, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида тўхталди. Шунингдек, ходимларни уй-жой билан таъминлаш, яшаш шароитини яхшилаш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, енгил автотранспорт воситалари сотиб олиш учун қарз бериш, тиббий-санитария, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишлар маълум қилинди.
Тадбирда ички ишлар вазирлигининг буйруғи билан вилоят ИИОнинг уй-жойга муҳтож ходимларига узоқ муддатли ипотека кредитидан фойдаланган ҳолда турар-жой сотиб олиш учун дастлабки бадал пули ажратилганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. Бир гуруҳ ходимларга эса Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси асосида автотранспорт воситаси сотиб олиши учун ойлик иш ҳақидан қайтариш шарти билан 3 йил мудддатга қарз ажратилиши бўйича сертификатлар тақдим этилди.
Тадбир давомида ходимлар ва уларнинг яқинлари вилоят ички ишлар бошқармасининг “Ватанпарварлик бурчаги” ҳамда Жиззах вилояти ички ишлар органлари тарихи музейи фаолияти билан танишишди.