Ходимларнинг малакаси оширилди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари навбатчилик қисмлари тезкор навбатчилари ҳамда ёрдамчиларининг билим ва малакалари оширилди. 3 кун давом этган ўқув машғулотида ходимларнинг хизмат, жанговар ва ахлоқий психологик тайёргарлик даражаси юксалтиришга эътибор қаратилди.
Ўқув машғулотлари саф кўриги билан бошланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси саф низоми, сафда туриш, юриш қоидалари, сафлар ва уларни бошқариш ўргатилди. Бу жараёнда сафдан чиқиш, ахборот бериш ва сафга қайтиш, ҳаракатланиш тартиблари амалий тарзда бажарилди.
Ички ишлар органларида навбатчилик қисмлари жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабар асосида тезкор тергов гуруҳининг воқеа жойига зудликда етиб бориши ва жиноятларни иссиқ изидан фош қилиш ёки содир этилиши мумкин бўлган қонунбузарликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Мазкур ўқув машғулотлари эса навбатчилик қисмлари тезкор навбатчилари ҳамда ёрдамчиларининг билим ва кўникмалари, соҳага оид ҳужжатлар, янгилик ва ўзгаришлардан хабардорлик даражасини ошириш, хизмат вазифаларини бажариш чоғида тўғри ҳаракатига оид билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Шу маънода ўқув давомида жиноят ва ҳодисалар тўғрисида келиб тушган ариза ва хабарларни ҳисобга олиш ва амалга ошириладиган вазифалар тушунтирилди.
Шунингдек, мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 29 ноябрдаги “Ички ишлар органлари кадрлар билан ишлаш ва уларнинг хизматини ташкил этиш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти етказилди.
3 кун давом этган ўқувда ходимларнинг маънавий-маърифий ишлар, ички ишлар органлари фаолиятига доир меъёрий ҳужжатлар бўйича ҳам билимлари оширилди.
Дарҳақиқат, бугун ички ишлар органлари олдига қўйилган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши кўп жиҳатдан ходимларнинг салоҳияти, масъулият ва интилишига бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан бу каби ўқув машғулотлари ходимларнинг ўз вазифасини садоқат ва шижоат билан бажариши ва хизмат қилишига, соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар билан танишиш, билим ҳамда кўникмаларини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Ўқув сўнггида ходимлардан мавзуларни ўзлаштирганлик бўйича билимлари синовдан ўтказилди.