Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Т. Қодировнинг 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам табриги
Ҳурматли ички ишлар органлари фахрийлари, устоз ва мураббийлар!
Бугун дунёдаги энг улуғвор касб эгалари бўлмиш
ўқитувчиларни байрам билан қутлаётганимдан беҳад мамнунман. Зеро ёш авлоднинг
қўлига қоғоз-қалам тутқазиб, қалбларига билим нурларини индирасиз, миллатнинг
юрагида Ватан ва Истиқлолга муҳаббатни, эртанги кунга ишончни мустаҳкамлайсиз,
улуғ орзулар сари руҳлантирасиз.
Сиз улашаётган маърифат ва тарбия зиёси ила тафаккури тўйинганлар
орасидан илм-фан пешволари, юртнинг осойишталиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва
эркинликларини таъминловчи мард ўғлонлар, халқ дастурхонини тўкин қилгувчи
тадбиркорлар, чемпионлик шоҳсупасини ҳеч кимга бермайдиган шижоатда тенгсиз спортчилар,
ўз ишининг усталари бўлган шифокорлар, меъморлар, муҳандислар етишиб
чиқади.
Шу маънода барча касб соҳиблари меҳр ва илмга
йўғрилган сиймонгиз қаршисида бош эгади. Халқимизнинг муаллимга ҳурмат ва
эҳтиром кўрсатиш билан боғлиқ азалий қадриятлари давлатимиз сиёсатида ҳам ўзининг
ёрқин ифодасини топмоқда. Сўнгги йилларда соҳага илғор услуб ва технологияларни
жорий қилиш, ёшларнинг олий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, ўқитувчи
меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш борасидаги ўзгаришу янгиликлар фикримиз тасдиғидир.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъбири билан айтганда эса:
“Янги Ўзбекистонда энг муҳим соҳа – таълим, энг
ҳурматли инсонлар – ўқитувчи ва мураббийлардир!”. Эндиликда айни шу ғоя асосида
тизим ривожлантирилади. Жумладан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонни
минтақавий таълим ва илм-фан хабига айлантириш, педагогларга
ипотека кредитлари ажратиш, уларнинг олий таълим муассасаларида ўқийдиган фарзандларининг
контракт тўловида чегирма бериш, устамалар тўлаш каби кўп эзгу ишлар кўзда
тутиляпти.
Соҳада кечаётган ислоҳотлар
ички ишлар органлари тизимидаги таълим муассасаларини ҳам тўла қамраб олган.
Хусусан, ИИВ Жиззах академик лицейи тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, замон талаблари
асосида жиҳозланганидан, таълим сифатини оширишга қаратилган тадбирлар изчиллик
билан амалга оширилаётганидан хабарингиз бор.
Тез орада муассасада
замон талабларига мос спорт зал ва машғулот майдонлари юзага келтирилади.
Табиийки, яратилаётган шароитлар ўз натижасини бераётир. Чунончи, бу йил
лицейимизни тамомлаган ёшларнинг барчаси давлат олий таълим муассасаларига
қабул қилинди.
Худди шундай, бошқарма
қошидаги 40- мактабгача таълим ташкилоти 2 йил илгари реконструкция қилиниб,
ҳавас қилгудек имкониятлар яратилди. Айни вақтда ушбу муассасада 310 нафар фарзандларимиз
тарбияланмоқда. Қувонарлиси, ушбу масканда болалар менталь арифметикани, инглиз
ва рус тилларини ўрганишяпти, спорт билан шуғулланмоқдалар.
Ўз навбатида, ИИВ Жиззах академик
лицейининг 52 кишилик, мактабгача таълим ташкилотининг 30 нафарлик пелагогик
жамоларини ҳамда ёш ички ишлар органлари ходимларига мураббийлик қилаётган
сафдошларимизни, шунингдек, бизга ҳамиша суянч ва таянч бўлаётган
фахрийларимизни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклайман.
Қадрли устозлар!
Ички ишлар органлари тизимини чуқур билимга эга етук
кадрлар билан таъминлаш, ватанпарвар, мард ва жасур авлодни шакллантиришдек
масъулиятли хизматингизда муваффақиятлар тилайман. Умрингиз узоқ, хонадонингиз файзли бўлсин!