Матбуот анжумани ўтказилди
Жиззах вилояти
ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида оммавий ахборот
воситалари ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида соҳа масъуллари томонидан сўнгги йилларда амалга оширилган
ишлар ва тизим имкониятлари хусусида атрофлича маълумот берилди. Жумладан,
мамлакатимиз раҳбарининг 2020 йил 22 сентябрдаги “Ўзбекистон
Республикасида идентификация ID-карталарни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги
фармонига мувофиқ, 2021 йилнинг 1 январидан ҳозирги кунга қадар 400 минг 850
нафар фуқарога ID-карта расмийлаштириб
берилгани билдирилди. Жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 142 минг
420 тани ташкил қилган.
Шунингдек, матбуот анжуманида вилоят ҳудудида
фаолият юритаётган ички ишлар органлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш
хизматлари 19 та ID-карта расмийлаштириш қурилмаларига эга эканлиги айтиб
ўтилди. Яна бир маълумот: 2020 йилдан
ҳозирги кунга қадар 2 минг 281 нафар фуқаролиги йўқ шахсларга тегишли тартибда
Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-картаси
расмийлаштириб берилган. Шунингдек, 2024
йилда 16 минг 19 нафар хорижий фуқаролар, туристлар ва фуқаролиги йўқ шахслар
вақтинча рўйхатга олинган.
Хорижга чиқиш биометрик паспорти расмийлаштириш борасида ҳам қатор
қулайликлар юзага келтирилган. Чунончи, шаҳар-туманлар ички ишлар органлари
миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматларининг 14 таси хорижга чиқиш
биометрик паспорти расмийлаштириш қурилмаси
билан таъминланган. Бу эса 2019 йилнинг 1 январидан ҳозирги кунга қадар 252
минг 895 та чет элга чиқиш имконини берувчи ҳужжатни расмийлаштиришга омил
бўлган. Жорий йилнинг ўтган даврида эса 40 минг 838 нафар фуқаро ана шундай
паспорт билан таъминланган.
Бундан
ташқари, соҳа вакиллари бу йил ҳисобига
55 минг 568 нафар фуқарони доимий яшаш жойи бўйича ва 3 минг 825 нафар фуқарони
вилоят ҳудудига вақтинча рўйхатга қўйиш чораларини кўрганлар. Анжуманда тадбир
қатнашчиларининг саволларига жавоблар қайтарилди. ОАВ вакиллари ва ижтимоий
тармоқ фаоллари Жиззах вилояти ИИБ миграция
ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг технологик имкониятлари билан яқиндан
танишиш имконига ҳам эга бўлдилар.