26 Январ 2023 йил 472

Йиллик фаолият муҳокама қилинди

Жиззах вилояти ИИБда вилоят ИИО ходимлари томонидан 2022 йил давомида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йил режалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоят ИИБ соҳавий хизматлари, шаҳар ва туманлар ИИБ бошлиқлари ҳамда онлайн видеоконференц алоқа орқали ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ўринбосарлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлигини ишончли таъминлаш, ҳудудларда криминоген вазиятни таҳлил қилиб, тезкорлик билан муносабат билдириш барча бўғиндаги раҳбар ва ходимларнинг салоҳиятига, масъулият ва интилишига бевосита боғлиқ эканлиги ҳақида гапирди.

Шундан сўнг вилоят ИИО ходимлари томонидан 2022 йил давомида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоиз, асосий эътибор фуқаролар хавфсизлигини самарали таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилди. Йиғилишда эришилган натижалар билан бирга йўл қўйилган качиликлар кўрсатиб ўтилди. Қайд этилишича, содир этилган жиноятлар туманлар кесимида таҳлил қилинганда умумий жиноятлар Зафаробод, Фориш, Дўстлик ва Шароф Рашидов туманларида ошган. Йиғилишда товламачилик, фирибгарлик, ўлим билан боғлиқ йўл улов ҳодисалари ва мулкни қасддан нобуд қилиш жиноятларига сабаб бўлган омилларга ҳам диққат қилинди.

Бундан ташқари вояга етмаганлар, ёшлар, аёллар ҳамда жамоат жойларида, шунингдек оила-турмуш доирасида, пробация гуруҳлари назоратида жазо ўтаётган маҳкумлар иштирокидаги қонунбузарликлар ҳам атрофлича муҳокама этилди. Шу маънода, хатога йўл қўйган раҳбарлар танқид қилиниб, фаолиятни ўнглашга оид аниқ топшириқлар берилди.

Мажлисда кўтарилган масала юзасидан вилоят ИИБ соҳавий хизматлари ва ҳудудий ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ҳисоботлари тингланди.

Йиғилиш давомида маҳаллаларни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш, оилавий низоларга барҳам бериш, оғир оқибатли жиноятларнинг олдини олиш, содир этилганларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаб, уларни бартараф этишда мутасадди давлат идоралари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Якунда қонунбузарликларнинг олдини олишда “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тарзида ишлаш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech