16 Октябр 2023 йил 1449

Ёш волейболчилар беллашишди

         Жиззах вилояти ёшлари ўртасида жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишни тарғиб этиш, соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларини шакллантириш ва спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш орқали соғлом рақобатни йўлга қўйиш борасида кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу маънода спорт турларидан мусобақлар ташкил қилиниб, бу орқали ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, куч ва маҳоратларини намойиш қилиш имкони яратилаяпти. Хусусан, Жиззах вилоят волейбол федерацияси ҳамда ИИВ “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти Жиззах вилоят Кенгаши, алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида 13-16 октябрь кунлари волейбол бўйича 2006-2007 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида вилоят кубоги мусобақаси ўтказилди.

Мусобақада шаҳар ва туман босқичларида биринчиликни қўлган киритган 26 та жамоа ғолиблик учун курашишди. Қизлар ўртасида кечган баҳсларда зарбдорликларга тенг кела оладигани топилмади. Финал ўйинда туман волейболчи қизлари ғаллаоролликларни мағлуб этиб Республика босқичида қатнашиш имконига эга бўлишди. Учинчи ўрин эса Жиззах шаҳри жамоасига насиб этди.

Иқтидорли ва истеъдодли ёшларни селекция қилиш орқали профессонал спорт жамоаларига жалб этиш, волейбол спортини оммалаштиришга қаратилган мусобақанинг ўғил болалар ўртасидаги финал учрашувида Шароф Рашидов ва Пахтакор туманлари ёшлари беллашишди. Шароф Рашидов тумани волейболчиларнинг бир-бирларини тушуниб қилган ҳаракатлари натижа берди. Улар рақибнинг ҳар бир хатосидан унумли фойдаланиб, якунда 3:0 ҳисобида биринчиликни қўлга киритишди. Финалда имкониятни қўлдан бой берган пахтакорлик ёшлар иккинчи ва Бахмал тумани волейболчилари эса учинчи ўринни банд этишди.

Муобақанинг тақдирлаш маросимида вилоят ИИБ бошлиғи, вилоят волейбол федерацияси раиси, генерал-майор Ғайрат Қодиров ёш волейболчилар мусобақанинг Республика босқичида ҳам вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонч билдирди. Шундан сўнг кучли учликдан ўрин олган ўғил болалар ва қизлар жамоалари вилоят ички ишлар бошқармасининг медал, диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.

Таъкидлаш жоиз, мусобақанинг Республика босқичи 29 октябрдан 5 ноябргача Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бўлиб ўтади. 

Text to speech