Ёш волейболчилар куч синашмоқда
Жиззах вилояти ёшлари ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича Ички ишлар вазири кубоги учун мусобақанинг вилоят босқичи ўтказилмоқда. Мазкур мусобақа очилишида вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров юртимизда оммавий спорт турларини ривожлантириш борасидаги ишлар, мазкур беллашувларнинг аҳамияти ва шахс камолотидаги ўрни хусусида тўхталди. Шунингдек, вилоятимизнинг ёш спортчилари қўлга киритаётган ютуқлари эътироф этилиб, иштирокчи ўғил-қизларга омад тилади. Шундан сўнг мусобақага старт берилди.
Дастлабки учрашув қизлар ўртасида бўлиб ўтди. Унда ғаллаороллик ҳамда зарбдорлик волейболчилар куч ва имкониятларини синовдан ўтказишди. Якунда илк учрашув ғолиблиги зарбдорлик қизларга насиб этди. Ўғил болалар ўртасидаги беллашув Дўстлик ҳамда Зафаробод туманлари волейболчилари ўртасида кечди.
Таъкидлаш жоиз, мусобақанинг шаҳар ва туман босқичида 17 ёшгача бўлган жами 7 мингдан зиёд ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштирди. Ушбу босқичда ғолибликни қўлга киритган ўғил болалар ва қизлардан иборат жамоаларо вилоят босқичида фаол қатнашаяпти. Икки кун давом этадиган спорт тадбири якунида эса биринчиликни қўлга киритган волейболчилар кейинги босқичда вилоятимиз шарафини ҳимоя қилади.
Айтиш жоиз, спорт тадбири мамлакатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида Ички ишлар вазирининг фармойиши асосида ташкил этилди. Ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишни тарғиб этиш, соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларини шакллантириш ва спортга бўлган қизиқишларини янада ошириш орқали соғлом рақобатни йўлга қўйиш кўзда тутилган беллашувда жамоалар аниқ мақсад йўлида бирлашиб, ғолиблик учун астойдил кураш олиб боришаётир. Жараёнда куч-ғайрат ва шижоатларини намойиш этишди.