Ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш масаласи муҳокамада
Жорий йилнинг 19 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташкилий масалалар ва кадрлар бўйича Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев раислигида ёшлар ўртасида жиноятларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, барча ҳудудларда ёшлар жиноятчилигига йўл қўймаслик чора-тадбирларини ишлаб чиқиш топшириғи берилган эди.
Шу маънода Жиззах вилоятининг Фориш туманида ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ташкилот ва корхоналар масъуллари ҳамда маҳаллалар бешликлари иштирокида тадбир уюштирилди. Туман ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров жорий йилнинг ўтган даврида туман ёшлари томонидан содир этилган жиноятлар хусусида тўхталди.
Шунингдек, содир этилган қонунбузарликларнинг омиллари, уларга имкон бераётган шарт-шароитлар, ушбу иллатни бартараф этиш йўллари, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги масалаларига эътибор қаратилди.
Йиғилишда Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Акмал Савурбоев ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасида қилиниши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратди.
Тадбирда нотинч оилалар ҳамда ота-оналари хорижда бўлган ёшлар билан ишлаш, жиноят содир этилиши мумкин бўлган ҳудуд ва объектларда назоратни ошириш, тунги патрулликни ташкил қилиш таклифлари баён этилди.
Худди шундай, Арнасой туманида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар туман ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ташкилот ва корхоналар масъуллари ҳамда маҳаллалар бешликлари иштирокида муҳокама қилинди. Йиғилишда Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ҲПБ бошлиғи, полковник Исмоил Амонов жорий йилнинг ўтган даврида Арнасой тумани ёшлари томонидан содир этилган жиноятлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Йиғилишда кўтарилган масалалар бўйича туман ҳокими, туман ички ишлар бўлими, ёшлар агентлиги масъуллари чиқиш қилдилар. Ўз навбатида тумандаги ташкилот ва корхоналар раҳбарларига бириктирилган ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича қилинган ишлар таҳлил этилиб, бу борада камчиликларга йўл қўйганлар танқид остига олинди.