17 Январ 2025 йил 682

Ободонлаштириш ишларида ҳар биримиз масъулмиз

Жорий йилда Жиззах вилоятидаги 13 та фуқаролар йиғинида “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонлари асосида қурилиш, таъмирлаш, кўкаламзорлаштириш, шунингдек, аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирлар амалга оширилади. Шу маънода Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳамид Ҳасанов мазкур ҳудудлар аҳолиси билан учрашувлар ўтказиб, фуқароларнинг таклифларини ўрганмоқда.

         Жумладан, Шароф Рашидов туманининг “Яхтанлик” маҳалласида аҳоли вакиллари билан уюштирилган мулоқотда ҳудудда амалга оширилиши кўзда тутилаётган бунёдкорликлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, таъмирлаш йўли билан давлат ташкилотлари ва муассасалари, тадбиркорлик субъектлари бинолари ҳамда турар жойларни замонавий кўринишга келтириш, янги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини барпо этиш, электр устунлари ва трансфоматорларни янгилаш, йўлларга асфальт ётқизиш, пиёдалар йўлаклари қуришга оид режалар баён қилинди. Ўз навбатида, фуқароларнинг бу борадаги таклифлари ўрганилди.     

         Ана шундай мулоқот Пахтакор туманининг “Дилором” маҳалласида ҳам бўлиб ўтди. Ҳудудни ободонлаштиришга оид режалар тилга олинар экан коммунал хизмат сифатини яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Аҳолини иш билан таъминлаш, янги тадбиркорлик субъектларини юзага келтириш, ўзини ўзи банд этишга қаратилган ташаббуслар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланиши билдирилди. Худди шундай, бу ишга барча ўз ҳиссасини қўшиши маълум қилинди.

Масъуллар “Обод маҳалла” дастури изчиллик билан амалга оширилаётган Зафаробод туманининг “Чўлигулистон” маҳалласида ҳам бўлишди. Айни вақтга келиб, бу ерда чиқиндиларни ташиб чиқиш ҳамда зовурларни тозалаш ниҳояланиш арафасида. Йўллар, пиёдалар йўлаклари қуриш, электр устунлари ўрнатиш, ер текислаш, деворлар барпо этиш қизғин тус олган. Мазкур жараён билан танишган мутасаддилар иш суръатини ошириш ҳамда молиялаштириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар.

         Шу куни вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳамид Ҳасанов ҳамда 3- сектор раҳбари Ғайрат Қодиров Ғаллаорол туманининг “Қангли” маҳалласида ҳам бўлди. Жорий йилда мазкур аҳоли пунктида “Обод маҳалла” дастури асосида бунёдкорлик ишлари амалга оширилади. Шу маънода туман раҳбарияти билан қилинажак юмушларга оид мулоқот ўтказилди.

 

Text to speech