10 Сентябр 2024 йил 1993

Фаолият таҳлил қилинди


Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида соҳа вакилларининг жорий йилнинг 8 ойи давомида қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятларни фош этиш борасидаги фаолияти муҳокама қилинди. Видео алоқа тарзида бошқарма, бўлимлар, соҳавий хизматлар ҳамда ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида уюштирилган йиғилишни бошқарма бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бошқариб борди.

Тадбирда мавзу юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари Фарҳод Тўйчиев, Азизбек Ҳабибуллаев ҳамда Раҳматулла Бўриевнинг ҳисоботлари тингланди. Мазкур жараёнда Дўстлик, Зарбдор, Зомин, Мирзачўл, Фориш, Янгиобод туманларида айрим турдаги жиноятлар ортганлиги қайд этилди. Шунингдек, жамоат жойларида юз берган қонунбузарликлар, йўл-улов ҳодисалари, ёшлар, вояга етмаганлар ва аёллар томонидан содир қилинган жиноятлар ҳамда жиноятларни фош этиш борасида йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилди.

Ўз навбатида барча шаҳар ва туманлар ички ишлар бошқарма ва бўлимлари бошлиқларининг кўтарилган масалалар юзасидан ҳисоботи тингланди ҳамда жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, тунги хизматни кучайтириш, профилактик тадбирларни жонлантириш, жиноятларни фош қилишда илғор технологияларни қўллаш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Йиғилишда жорий йилнинг 27 октябрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлиги учун ўтказиладиган сайловларга жамоат хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан тайёргарлик кўриш ҳамда тез кунларда бошланажак пахта терими мавсумида осойишталикни таъминлаш ва йўл-улов ҳодисаларининг олиш юзасидан фикрлар билдирилди. 

 

Text to speech