23 Март 2022 йил 587

Зафаробод туманида очиқ сайёр суд ўтказилди

Зафаробод туманидаги 30-сон манзил колониясида Жиноят ишлари бўйича Зафаробод туман судининг очиқ сайёр суд мажлиси ўтказилди. Судда 15 нафар маҳкумнинг иши кўрилиб, уларнинг илтимосномалари қаноатлантирилди.

Бағрикенглик, адашганни кечириш ва унга тўғри йўл кўрсатиш халқимизга хос бўлган қадриятлардан саналади. Ушбу инсонпарварлик тамойили суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси ўлароқ янада кенг қулоч ёймоқда. Чунончи, жойларда сайёр суд мажлислари ўтказилиб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон ва тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар муддатидан олдин озодликка чиқарилаяпти. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти учинчи минтақавий ҳудуд 30- сон манзил колониясида шундай сайёр суд ўтказилди. Наврўз байрами арафасида ўтган судда 15 нафар маҳкумнинг жазо муддатини енгилроғи билан алмаштириш ҳамда яна 2 нафарининг муддатидан илгари шартли озод қилишни сўраб ёзган илтимосномалари кўриб чиқилди.

Айтиш жоизки, манзил колонияда маънавий-тарбиявий ишлар олиб борилиши натижасида иши кўрилаётган маҳкумлар ахлоқан тузалиш йўлига ўтган. Жазо турлари учун ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб, ишда ўзини яхши томонлама кўрсатган. Судда улар колония томонидан ижобий тавсифланганлиги инобатга олинди ва илтимосномалари қаноатлантирилди.

Сайёр суд профилактик тадбир билан давом этди. Сўзга чиққанлар озодликдан маҳрум қилиш, озодликни чеклаш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазо турлари учун ўрнатилган тартиб ва қоида талабларини бажариш, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиш, келгусида такрор жиноят содир этмаслиги, жамиятда ўз ўринларини топиш ҳамда берилган имкониятдан тўғри хулоса чиқариш кераклиги таъкидланди. Қисқаси, мазкур сайёр судда иши кўрилган маҳкумлар такрор қонунбузарлик содир этмасдан оиласи бағрида жамият тараққиётига ҳисса қўшишларига ишонч билдирилди.

Text to speech