30 Март 2022 йил 1595

Зафарободда жиноят муҳокама ўтказилди

Зафаробод тумани Чимқўрғон маҳалласида юз берган мудҳиш қотиллик жинояти туман фаоллари ва ёшлар иштирокида муҳокама қилинди. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3- сектор штабида ўтган йиғилиш Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратураси томонидан уюштирилди. Тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ҳудудда жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, фуқаролар осойишталигини таъминлаш борасидаги ишлар хусусида сўз юритди. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида содир этилган қонунбузилишлар маҳаллалар кесимида таҳлил этилиб, қотиллик жинояти тафсилотлари баён этилди.

Таъкидланганидек, шу йилнинг 25 март кунига ўтар кечаси Чимқўрғон маҳалласида яшовчи турмушидан ажрашган аёл яшаш уйида Нурафшон шаҳарчасида истиқомат қилувчи йигит билан спиртлик ичимлик истеъмол қилиб ўтиришган. Уй бекасининг шу маҳаллада яшовчи икки укаси бундан хабар топишиб, хонадонга келади ва ҳовлида бўлган арматура бўлаги билан меҳмоннинг чап чакка соҳасига, сўнг ошхона пичоғи билан чап қўлтиқ остига уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда жабрланувчи воқеа жойида вафот этган.

Муҳокамада бир инсоннинг ўлимига сабаб бўлган омиллар таҳлил қилинди, оқибатлари тушунтирилди. Маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳолат юзасидан фикрларини билдириб, шу каби мудҳиш ҳолат такрорланмаслиги, қонунбузилишларга қарши барча бирдек курашишлари лозимлигини таъкидладилар.

Тадбирда ишсиз аҳоли қатлами бандлигини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий муҳофазалаш, она ва бола саломатлигини сақлаш, ёшларнинг истеъдодларини юзага чиқариш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, ҳудудда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш даражасини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги айтилди.

Йиғилишда шу каби мудҳиш ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни жиловлаш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Text to speech