Зарбдор туманида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларининг барвақт олдини олиш борасида кенг кўламли профилактик тадбирлар давом этмоқда
Зарбдор
туманининг “қизил” тоифада турувчи маҳалаларига ҳуқуқ-тартибот
идораларининг зарур куч ва воситалари жалб этилиб, муаммоларни ҳудуднинг ўзида
ечиш ҳамда криминоген вазиятни барқарор сақлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Жиззах
вилояти прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Исломжон Эргашхўжаев ҳамда вилоят ИИБ
бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировлар томонидан бу борадаги ишлар ўрганилди.
Шу билан бирга туман ИИБ ЖХХ пробация гуруҳи назоратида жазо ўтаётган маҳкумлар
билан мулоқот қилинди. Тадбирда уларнинг оилавий шароити, бандлиги ҳамда мавжуд
масалаларига эътибор қаратилди.
Тумандаги
“Мустақиллик” МФЙ “қизил” тоифадаги ҳудуд саналади. Ўрганиш давомида маҳалладаги
бешлик билан суҳбат қилиниб, ҳудудда жорий йилнинг ўтган даврида содир этилган
қонунбузарликлар таҳлил қилинди. Уларнинг сабаб ва омиллари айтилиб, жиноятчиликнинг
олдини олишда ҳуқуқ-тартибот ходимлари кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда иш
олиб бориш кераклиги қайд этилди.
Оилавий
ажримлар, ичкиликка ружу қўйганлар, низоли оилалар билан ишлаш, уларнинг
муаммоли масалаларини ҳал этиш бўйича қилинадиган ишлар белгиланди. Худди
шундай Адиробод маҳалласида маҳалла фаоллари ва секторлар раҳбарлари иштирокида
ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, жамоат тартибини сақлаш,
жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди.
Хизматни
тизимли равишда масъулият ва ҳушёрлик билан ташкил этишга қаратилган мазкур
тадбир чоғида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли
топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. Шунингдек, жиноятчиликни жиловлаш
ва фуқаролар осойишталигини таъминлашга қаратилган тажрибаларни оммалаштириш
лозимлиги тилга олинди.
Жиззах
вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларининг ўрганишлари давом этмоқда.