Зарбдорликлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғ.Қодиров Зарбдор тумани “Ойбек” МФЙ сайёр қабул ўтказди. Қабул аввалида вилоят 3- сектор раҳбари ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси фаолияти билан танишди. Мазкур ярмаркада тумандаги корхона ва ташкилотлар мавжуд бўш иш ўринларини таклиф этишди.
Шунингдек, қабул доирасида 3- сектор ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи беш кишига ногиронлик араваси ва эшитиш мосламаси, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган бир неча хотин-қизлар ва ёшларга ўзини-ўзи банд қилиши учун субсидия асосида тикув мошинкаси ва ускуналар, ҳайдовчилик гувоҳномаси учун тўлов ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди. Бир гуруҳ эҳтиёжманд оилалар эса вилоят ички ишлар бошқармасининг ҳомийлик ёрдами кўрсатилиб, фаол ва ташаббускор ёшлар фахрий ёрлиқ ҳамда совғалар билан тақдирланишди.
Сектор раҳбарининг аҳоли ва ёшлар билан мулоқотида “Ойбек”, “Равот”, “Янгиҳаёт” маҳаллаларида истиқомат қилувчи 20 нафарга яқин фуқаролар томонидан қатор муаммолар кўтарилди. Хусусан, Ислом Маматқулов саломатлигини тиклаш, Матлуба Нуралиева Оқбулоқ кўчасига ёғингарчилик оқибатида йиғиладиган сизот сувларини бартараф этиш, электр энергия қувватини ошириш, Ҳамид Абдуваитов хонадонини табиий газ тармоғига улашда кўмак сўрашди. Шунингдек, Зарифа Эгамқулова алимент пулларини ундириш, Маҳфуза Исроилова болалар нафақаси олиш, Умида Қорабоева кадастр ҳужжатини расмийлаштириш, электр, табиий газ ва ичимлик суви ҳисоблагичларини ўрнатиш ишларида ёрдам зарурлигини баён этишди. Маҳалланинг Ойбек кўчасини асфальт қилиш ҳақидаги масала ҳам масъуллар иштирокида ўрганилиб, уни ҳал этиш бўйича зарур чоралар белгиланди.
Мулоқот давомида саломатлик, автомобил ҳаракатини тартибга солиш, ичимлик суви насосларини таъмирлаш, олий таълим учун шартнома пулини тўлаш каби масалаларга ечим изланди. Ҳар бир масала тегишли вилоят ва туман ташкилотлари масъуллари иштирокида кўрилиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича сектор раҳбарлари ва тегишли идоралар масъуллари ҳамда ҳоким ёрдамчиларига топшириқлар берилди.
Шу куни ишчи гуруҳ томонидан 3- сектор ҳудудидаги эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар билан ҳам танишилди.
Таъкидлаш жоиз, туманнинг “Дўстлик” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан Манзура Тўрақулова ҳозирда нафақат иш билан банд, балки оила иқтисодини яхшилашга ҳам эришганлардан. “Дўстлик томорқа хизмати” МЧЖ томонидан оилага шу йилнинг апрел ойида 700 бош бедана олиб келиб берилган эди. Бугун уларнинг сони 2 ярим мингтани ташкил этаяпти. Ҳар куни 2 мингта тухум етиштирилиб, камида 500 минг сўм даромад олишга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳунурмандлар уюшмаси аъзоси Барно Қодирқулова эса “Чевар қизлар” тикувчилик ўқув курсини очиб, шогирдларига ҳунар ўргатмоқда. Ҳозирда 10 нафар шогирдлар бичувчилик ва тикувчиликни ўрганишаётган бўлса, яна 5 нафар маҳалла хотин-қизлари доимий иш билан банд. Боиси бу ерда касаначилик асосида ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Маҳсулотлар шартнома бўйича буюртмачиларга етказиб берилаётир.
Қисқаси, ўтказилаётган сайёр қабуллар давомида аҳолини қийнаётган масалаларга масъулларнинг эътибори қаратилаяпти. Пирвардида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва фуқаролар бандлигини таъминлаш орқали аҳоли фаровонлигига эришилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати