13 Ноябр 2024 йил 4899

Фаолият таҳлил қилинди


Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида соҳа вакилларининг жорий йилнинг ўн ойи давомида қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишга оид фаолияти муҳокама қилинди. ИИБ раҳбарияти, мустақил бошқармалар, соҳавий хизматлар ҳамда ҳудудий ички ишлар бошқарма ва бўлимлари масъуллари иштирокида ўтган йиғилишни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бошқариб борди.

Видеоалоқа тарзида кечган тадбир аввалида умумий жиноятчилик таҳлил қилиниб, камчиликларга йўл қўйганлар танқид остига олинди. Чунончи, Зарбдор, Арнасой, Мирзачўл ва бошқа бир неча туманларда айрим турдаги жиноятларнинг ошганлиги қайд этилди. Шунингдек, “Хавфсиз ҳудуд – долзарб 50 кун” махсус профилактик тадбирини самарали ташкил қилиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-улов ҳодисаларининг олдини олиш, профилактика инспекторларининг фаолиятини кучайтириш, жиноятларни қисқа муддатларда фош этиш сингари масалаларга эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар бошқарма ва бўлимлари мутасаддиларининг ҳисоботлари тингланиб, уларга криминоген вазиятни ўнглаш юзасидан топшириқлар берилди. Шунингдек, мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағаликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори юзасидан қилинган ишлар кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, 3- сектордаги маҳаллаларда яшовчи 25 минг 306 киши камбағалликдан чиқарилган. Бунга 8 миллиард 302 миллион сўм кредит, 1 миллиард 937 миллион сўм субсидия ажратилиши, 3 минг 584 кишини доимий, 4 минг 320 кишини мавсумий иш ўринлари билан таъминлаш, 817 кишини касб-ҳунарга ўқитиш, 573 кишини тадбиркорликка йўналтириш каби чора-тадбилар натижасида эришилган.

Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини ҳаётга татбиқ қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Маълумот ўрнида айтиш керак, бу йил кузда ички ишлар органлари ходимлари 5 минг туп мевали дарахтга эга боғларни юзага келтиришни режалаштиришяпти. Шу маънода суғориш тизимлари тортиш, зарурий агротехник тадбирларни бажариш юзасидан топшириқлар берилди. Йиғилиш якунида кўтарилган барча масалалар бўйича вазифалар белгилаб олинди.     

    

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.


Text to speech