6 Феврал 2024 йил 2554

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари З.Курбанов Жиззах вилоятига ташриф буюрди

          Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Зуфар Курбанов Жиззах вилоятида жиноятчиликнинг аҳволи, бу борада белгиланган вазифалар ва тизим ходимларининг мазкур йўналишда олиб бораётган ишларини ўрганмоқда. Дастлаб вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати фаолияти билан танишди. Шунингдек, “102” автоматлаштирилган маълумотлар тизими, бошқарма қошидаги тезкор қидирув хизмати киберхавфсизлик бўлинмаси ҳамда тарихий музейини ҳам кўздан кечирди.

Қайд этиш лозимки, “102” автоматлаштирилган маълумотлар тизимига қилинган ҳар қандай қўнғироқ бугунги кунда ҳудудий ички ишлар бўлимлари навбатчилик қисмлари томонидан эмас, балки, вилоят ички ишлар бошқармасидаги мазкур тизими орқали қабул қилинади. Замонавий алоқа ва ахборот қурилмалари билан таъминланган тизимда ҳар бир мурожаат рўйхатга олиниб, тегишлилиги бўйича ҳудудий ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига етказилади. Бу ўз ўрнида тезкор тергов гуруҳининг воқеа жойига қисқа муддатда етиб бориши, жиноятларни иссиқ изидан фош қилиш ёки содир этилиши мумкин бўлган қонунбузарликларнинг олдини олиш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Жиззах вилоятида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, одамларнинг муносиб турмуш кечириши учун зарур шароитларни яратиш, ҳудудларда криминоген вазиятни яхшилашборасидаги ўрганишлари давом этмоқда.

Text to speech