8 Май 2023 йил 527

Жасоратли ходимларни ёд этиб...

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Жиззах вилояти ИИБда ички ишлар органларида эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдек масъулиятли вазифани адо этиш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари иштирокида тадбир ташкил этилди.

Ватанпарварлик руҳидаги ушбу тадбирда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ички ишлар органларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларининг кўрсатган жасорати ва матонати хусусида сўз юритди. Шунингдек, юртимизда ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳамда улар қарамоғидаги шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ғамхўрлик қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тилга олинди. Мамлакатимиз раҳбарининг шу йил 13 мартдаги “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан уюштирилган тадбирда меҳмонларга совғалар топширилди. 

Сўнгра Мотамсаро она ёдгорлиги пойига гуллар қўйилиб, ҳурмат кўрсатилди.

Тадбир давомида иштирокчилар Жиззах вилоят ички ишлар органлари тарихи музейида ҳам бўлишди. Улар ушбу масканда ички ишлар органлари ходимларининг давлат мукофотлари, жиноятни очишда қўллаган қурилмалари, алоқа воситалари, ҳужжатлар, жиноятларга оид ашёлар, хизмат бурчини бажариш вақтида вафот этган ходимларнинг эришган ютуқлари ҳақидаги маълумотлар билан яқиндан танишишди.

Text to speech