Жиноят жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
Фориш туманининг Осмонсой маҳалласида ҳамқишлоқлар ўртасида ичкилик сабаб келиб чиққан жанжал оқибатида бир киши оғир тан жароҳати олган. Мазкур қонунбузарлик кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан уюштирилган тадбирда Осмонсой маҳалла аҳолиси иштирок этди. Йиғилиш аввалида ҳудудда жорий йилнинг ўтган даврида содир этилган қонунбузарликлар хусусида сўз борди. Уларнинг келиб чиқиш сабаблари, йўл қўйилган омиллар таҳлил қилинди. Шунингдек, оғир тан жароҳати билан боғлиқ жиноят тафсилотлари маълум қилинди.
Таъкидланишича, Осмонсой маҳалласида яшовчи фуқаро тўйдан қайтаётган вақтда 3 нафар ҳамқишлоғи билан жанжаллашади ва оғир тан жароҳати олади. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни Баландосмон қишлоғида яшовчи фуқаро содир этганлиги аниқланди. Муҳокамада мазкур жиноятнинг оқибатлари хусусида сўз бориб, ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар эканлиги уқтирилди. Шунингдек, бугунги кунда кўпчиликнинг бефарқ ва лоқайд бўлиб кун кечиришга ўрганиб қолганлиги, атрофида бўлаётан ҳодисаларга “менга нима” қабилида иш тутаётганликлари кескин қораланди. Бу каби жиноятларнинг олдини олиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси деб қаралмасдан, маҳалла ва жамоатчилик вакиллари ҳам бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишлари кераклиги қайд этилди.
Тадбирда 6 минг юз нафарга яқин аҳоли истиқомат қиладиган маҳаллада оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, нотинч ва фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи оилалар, спиртли ичимликлар истеъмол килишга ружу қўйган шахслар устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, хотин-қизлар, вояга етмаганлар, ёшлар жиноятчилигининг барвақт олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгиланди.