26 Ноябр 2022 йил 519

Жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш фаолияти таҳлил қилинди

Жиззах вилояти ИИБ ўтказилган йиғилишда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, содир этилганларини фош этиш борасида амалга оширилган тезкор-қидирув ва профилактик тадбирлар натижаси муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрь кунги “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан ҳудудларда аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда давлат органлар, мутасадди ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилиб, маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш ва жамоат хавфсизлиги концепцияси доирасида амалга оширилиши лозим бўлган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Шу асосида вилоят ҳудудида ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, содир этилганларини фош этишга қаратилган тезкор-қидирув ва профилактик тадбирлар ўтказилди. Натижада мавжуд 302 та маҳалладан 148 тасида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Қайд этилишича, маҳаллаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар томонидан хотин-қизларнинг турмуш тарзи ва яшаш шароитлари ўрганилди. Тадбирлар давомида аниқланган 1 минг 3.00 га яқин муаммолар бартараф этилди. Ўз навбатида оила-турмуш доирасидаги ҳуқуқбузарликлар 43 фоизга камайган. Йиғилишда жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда содир этилган жиноятлар таҳлил этилиб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, хотин-қизлар ва ёшлар иштирокидаги қонунбузилишлар, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар кўрсатиб ўтилди. Йиғилишда масъулларга ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жиноятчиликни жиловлаш, осойишталикни таъминлаш, ёшлар билан ишлаш ва бу йўналишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Тадбир сўнггида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарори қабул қилиниб, бажарилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Text to speech