13 Август 2022 йил 560

Жисмоний имкониятлар синовдан ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисм ҳамкорлигида ташкил этилган ҳарбий ватанпарварлик кўпкураш мусобақасида 4 та жамоа вакиллари ўзларининг жисмоний ва жанговор тайёргарликларини синовдан ўтказдилар.

Хусусан, жанговар қуролни қисмларга ажратиш ва йиғиш, бир километр масофага югуриш, газниқобда ҳаракатланиш, юк автомобили ғилдирагини манзилга етказиш, арқон тортиш, тош кўтариш, тўсинлар оша югуриш каби эстафета шартлари асосида имкониятлар баҳоланди. Мусобақа иштирокчиларининг жисмоний салоҳияти, руҳий жиҳатдан чиниққанлиги ҳамда бирдамликда ҳаракатланишлари каби хусусиятлар ҳакамлар диққат марказида бўлди.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2022 йил 23 майдаги ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини янада оширишга оид фармойишида белгилаб берилган вазифаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Шу куни жамоалар ўртасида мини футбол мусобақаси ҳам бўлиб ўтди.

Қизғин кечган баҳсларда биринчи ўринни ҳарбий хизматчиларнинг “Қалқон” жамоаси эгаллади. Иккинчи ўрин вилоят ички ишлар органларининг профилактика инспекторларининг “Тинчлик” жамоасига насиб этди, кейинги ўринни ҳарбий хизматчилардан таркиб топган “Чегарачилар” жамоаси қўлга киритди.

Text to speech