17 Апрел 2025 йил 269

Жиззах давлат педагогика университетида спортни ривожлантириш ва соҳада коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Жиззах давлат педагогика университетида спортни ривожлантириш ва соҳада коррупцияга қарши кураш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоятдаги спорт ташкилотлари, федерациялар, мактаб ва муассасалар раҳбарлари, мураббийлар, терма жамоалар аъзолари ҳамда прокуратура, ички ишлар органлари, ДХХ, адлия тизимлари масъуллари иштирокида ташкил этилган тадбирда жорий йилнинг 5 мартида уюштирилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўз навбатида, вилоят прокурори спорт ташкилотлари ва муассасаларида ўтказилган текширувлар натижалари ҳақида маълумот берди. Мазкур жараёнда бюджет маблағларини талон-тарож қилиш, бошқа ҳудудда яшовчи спортчилар эришган натижаларни ўзиники қилиб кўрсатиш орқали устама олиш ҳолатлари аниқлагани билдирилди. Худди шундай, машғулотлар сифати, ижтимоий ҳимоя, ёшларни қўллаб-қувватлаш, селекция борасидаги камчиликлар тилга олинди.

Кўтарилган масалалар юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари, шунингдек, мураббий ва спортчиларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланди. Якунда мавжуд нуқсонларни бартараф этиш, чунончи, коррупцион ҳолатларга барҳам беришга оид йўл харитасини ишлаб чиқиш ва ҳаётга изчиллик билан татбиқ этишга келишиб олинди.

Text to speech