24 Май 2025 йил 1092

Жиззах ички ишлар бошқармасига бириктирилган мактабда “Сўнгги қўнғироқ” янгради

Мамлакатимизнинг бошқа ўқув муассасаларида бўлгани каби Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги 12- сонли мактабда ҳам бугун “Сўнгги қўнғироқ” тадбири “Илм энг буюк шараф” шиори остида ўтказилди. Маълумот ўрнида айтиш керак, ушбу ўқув даргоҳи Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига бириктирилган. Шу маънода бошқарма бошлиғи мазкур тадбирда ҳозир бўлди ва тантана иштирокчиларига давлатимиз раҳбарининг битирувчиларга йўллаган табригини ўқиб, эшиттирди.

         Сўнг ўқувчилари фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ҳамда хорижий тилларни ўрганиш борасида юқори натижаларга эришган муаллимлар меҳнати эътироф этилиб, уларнинг 14 нафарига фахрий ёрлиқлар топширилди. Шунингдек, пенсия ёшига етган 4 нафар ўқитувчига эсталик совғалари берилди.  Ўз навбатида, билим олиш борасида тенгдошларига ўрнак бўлган ўқувчи ва битирувчилар рағбатлантирилди.

Тадбир давомида ўқувчилар томонидан намойиш этилган “Хайр мактабим!” бадиий композицион дастури йиғилганлар кўнглига илиқлик бахш этди. Ниҳоят, 2025 ўқув йили ниҳояланганлигини сездирган, битирувчиларни олий ўқув юртларида илм чўққиларини забт этишга, касб-ҳунар эгаллашга ундовчи қўнғироқ янгради.

Кези келганда айтиш керак, бугунгача вилоят ички ишлар бошқармаси кўмагида мактабдаги йўл ҳаракати қоидалари синфи кўргазмали қуроллар, йўл белгилари, макетлар, телевизор ва бошқа электрон воситалар билан жиҳозланди. Худди шундай, мактаб ҳовлисида замон талабларига мос йўл ҳаракати майдончаси юзага келтирилди.

Ана шу тарзда чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик хонаси ҳам ҳарбий хизматга оид ўқув қуроллари ва кўргазмали воситалар билан таъминланди. Саф  ҳамда ворткоут майдони фойдаланишга топширилди. Шунингдек, спорт зали таъмирдан чиқарилиб, Ички ишлар вазирлиги томонидан ўқувчиларга 22 турдаги 132 та спорт анжомлари топширилди.

Қолаверса, кутубхона ва ўқув залини бунёдга келтириш мақсадида реконструкция ва таъмир ишлари бажарилмоқда. Мос равишда ушбу кутубхонага минг дона бадиий адабиётлар олинди. Бундан ташқари, оқова тармоғи ишга туширилди. Мактабнинг теварагига 196 метр узунликда бетон деворлар ўрнатилиб, мавжуд деворлар таъмирланаётир.

Ёзги таътил давомида бинонинг ички қисми таъмирланади. Худди шундай, хавфсизликни таъминлашга оид тадбирлар амалга оширилади. Қисқаси, оталиққа олинган мактабда таълим шароитларини яхшилашга қаратилган ишлар давом этади.

Text to speech