18 Март 2021 йил 1068

Жиззах шаҳрида саккиз нафар шахс муддатидан аввал озод этилди

Одамзод борки адашади. Ушбу хатодан тўғри хулоса чиқариш эса кишининг ўзига боғлиқ. Имкониятдан фойдаланмаслик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган. Ички ишлар органлари пробация гуруҳида назоратда турган шахслар иштирокида ташкил этилган тадбирнинг асосий мақсади ҳам улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олишга қаратилди.

Ўзбекистон миллий университети Жиззах филилалида ўтган йиғилишда Жиззах вилояти прокурори ўринбосари Барно Умарова жазони ижро этиш чоғида мавжуд қоидаларга риоя этиш, белгиланган тартибни бузганлик учун ҳуқуқий жазо чоралари кўрилиши, аҳлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга қонунчиликка асосан енгил жазо турлари қўлланилишини тушунтирди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Жиззах шаҳрида 120 нафар шахс ахлоқ тузатиш, 11 нафар шартли ҳукм қилинган, 40 нафари муайян ҳуқуқдан маҳрум ва 82 нафари озодликни чеклаш жазосини ўтамоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Жиззах шаҳар ички ишлар органлари пробация гуруҳида назоратда бўлган 8 нафар шахс белгиланган қоидаларга амал қилмаганлиги боис қолган жазо муддатини панжара ортида ўтказишга мажбур бўлди.

Тадбир жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг сайёр суд мажлиси билан давом этди. Судда тўққиз нафар озодликни чеклаш ҳамда аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган маҳкумларнинг иши кўриб чиқилди. Айтиш керак, судга чақирилганлар жазони ўташ тартиб-қоидаларига қатъий бўйсуниб, ўнгланиш йўлига кирганликларини амалда исботлашган. Шу боис улардан саккиз нафари муддатидан олдин шартли равишда озод этилди. Бир нафарининг жазоси енгилига алмаштирилди. Бу орқали халқимизга хос бўлган кечиримлилик, бағрикенглик каби қадриятлар яна бир бор бўй кўрсатди десак муболаға бўлмайди. Ўз навбатида Наврўз умумхалқ байрми арафасида уларнинг оилаларига қувонч улашилди.

Тадбир сўнггида психологларнинг назорат остидаги шахслар билан суҳбати уюштирилди. Мулоқотда маҳкумларнинг ҳаракатер хусусиятлари ўрганилиб, тавсиялар берилди.

 

Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати

Text to speech