Жиззах шаҳрида қўшмачилик фаолиятига чек қўйилди
2021 йил 17 февраль куни вилоят ички ишлар бошқармасига келиб тушган маълумот асосида Жиззах шаҳар Иттифоқ маҳалласида яшовчи аёл енгил табиатли қизларни ёллаб, фуқаролар билан жинсий алоқада бўлиши учун таъминлаб келган.
Аниқланган тезкор маълумотларга кўра, муқаддам судланмаган, оиласи билан ажрашган, 1981 йилда туғилган аёл қўшмачилик фаолияти билан 2014 йилдан буён шуғулланиб келган. У Жиззах шаҳри Иттифоқ маҳалласида яшовчи уйида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Андижон ва Фарғона вилоятларидан бўлган аёлларни сақлаб, уларни тўй ва маросимларга раққосаликка юбориш билан, шунингдек, мижозлар талабидан келиб чиқиб, аёлларни жинсий алоқа қилишлари учун таъминлаб келган. Кўрсатган хизматлари учун унга ўз улуши ажратиб берилган. Жиззах вилоят ИИБ Терроризмва экстремизмга қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида аёл ҳамда 1983 йилда туғилган, Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи ва 1991 йилда туғилган Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида яшовчи аёллар ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Кўрсатилиши лозим бўлган навбатдаги хизмат учун келишилган жами 500 минг сўмдан 150 минг сўм ҳақини олиши керак бўлган аёл дастлаб ўзини оқлашга ҳаракат қилди, аммо исбот ва далиллар келтирилгандан сўнг аҳволи ҳавас қилгулик эмаслигини тушунди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 131-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати