Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги
Жиззах вилояти ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатаётган қадрли опа-сингиллар, фахрий ходималар! Сизларни баҳор фаслининг энг гўзал аёми Халқаро хотин-қизлар куни билан чин юракдан муборакбод этаман. Азизлар юртимиз тараққиёти, тинчлик ва осойишталикни таъминлашга қўшаётган улкан ҳиссангиз, садоқатли хизматингиз алоҳида эътирофга лойиқ.
Бугун хотин-қизлар ички ишлар органларининг қарийб барча соҳавий хизматларида, шунингдек, раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият кўрсатмоқда ва улар ҳар жабҳада сафдошларига ўрнак бўлишяпти. Ўз навбатида энг фидойилар давлат мукофотлари билан тақдирланмоқда, ИИВ ҳамда бошқармамиз томонидан муносиб рағбатлантирилаётир.
Булар ҳаммаси Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнлардаги иштирокини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Жорий йилнинг 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари: “Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади”, дея таъкидлади.
Мазкур ёндашув тизимимизда ҳам устувор аҳамият касб этади. Шу маънода соҳада фаолият юритаётган хотин-қизлар учун қулай хизмат шароитлари яратиш, ижтимоий ҳимоялаш чораларини кучайтириб бораверамиз.
Муҳтарама аёллар, азиз опа-сингиллар, фурсатдан фойдаланиб, барчангизни ушбу айём билан яна бир бор табриклаб, сизларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.