Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан байрам табриги
Азиз ҳамкасблар, қадрли фахрийлар, юрт тинчлиги ва эл осойишталигини таъминлашдек эзгу ишга ўз ҳиссасини қўшаётган фидойи дўстлар! Барчангизни бугунги қутлуғ сана - 25 октябрь - Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан самимий табриклайман!
Сўзим аввалида ҳар бир юртдошимиз сизнинг жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишдек шарафли ва масъулиятли фаолиятга ўз ҳаётинингизни бахшида этаётганингизни яхши англаши ва қадрлашини яна бир бор эслатмоқчиман. Шу маънода кунни тунга улаб, масъулият ва сергаклик билан Ватан ва халқ олдидаги бурчини шараф билан бажараётган ходимларга, ҳурматли фахрийларимиз ва хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамкасбларимизнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорчилик билдираман.
Яхши маълумки, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда бўлгани сингари ички ишлар органлари тизимида ҳам улкан ўзгаришлар юз берди. Хусусан, ички ишлар органлари ходимлари учун инсон ҳукуқлари ва эркинликларини таъминлаш энг асосий вазифа қилиб белгиланди. Бу жиҳат барчамизга алоҳида масъулият юклайди.
Яъни муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек: “Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин”. Бугун ана шу эзгу ғоя ҳаётимиз ва хизматимизнинг шиорига айланмоғи жоиз. Шунда юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигининг ортишига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Яна таъкидлаш керакки, мамлакатимизда соҳа вакилларининг самарали фаолият кўрсатишлари учун ҳамма шароитлар яратилмоқда. Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш борасида ҳам ҳавас қилгулик тадбирларга қўл урилаётир.
Ўз навбатида ҳар биримиз олдимизга қўйилган вазифаларни юксак даражада бажаришимиз, фидойилик ва ватанпарварлик намуналарини кўрсатишимиз, бор куч ва ғайратимизни сафарбар этишимиз лозим.
Қадрли ҳамкасблар!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, узоқ умр, оилангизга тотувлик, дастурхонингизга қут-барака тилайман. Жамоат хавфсизлиги ва тартибини сақлаш, қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашдек масъулиятли ва шарафли хизматларингизда зафарлар ёр бўлсин.
Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!