20 Октябр 2023 йил 2389

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасига қарашли болалар боғчаси фойдаланишга топширилди

           Жиззах вилояти ИИБга қарашли 40- сонли МТТ капитал таъмирдан чиқарилди. Шу муносабат билан муассасада тантанали тадбир ўтказилди. Ички ишлар органлари ходимлари, соҳа фахрийлари, тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этган очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармуҳаммедов соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш борасидаги ишлар хусусида сўз юритди. Шунингдек, келажагимиз эгаларининг орзу-интилишлари, қобилиятини рўёбга чиқариш борасида олиб борилаётган ишлар соҳа ходимларининг фарзандлари сифатли таълим-тарбия олиш имкониятини янада кенгайтиришини таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан фахрийлар мазкур таълим даргоҳида тарбияланаётган болажонлар баркамол инсон бўлиб вояга етишига ишонч билдиришди. Шундан сўнг, рамзий боғич қирқилиб, тадбир қатнашчилари муассасада юзага келтирилган қулайликлар билан танишишди.

Маълум қилинишича, муассасада бир йилдан зиёдроқ вақт давом этган таъмир ишлари натижасида ёш авлоднинг таълим-тарбия олиши учун зарур шароит яратилди. 310 ўринли муассаса 12 та машғулот хонаси ва яна шунча ётоқхонага эга. Мазкур хоналар барча зарурий анжом ва ўқув қуроллари билан таъминланган. Ҳовлида чўмилиш ҳавзаси, 2 та спорт майдончаси ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги майдони мавжуд. Бинонинг ички қисмида мусиқа хонаси, 2 та спорт зал бор. Заллардан бири йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини ўргатишга ихтисослаштирилган. Ушбу қулайликларни кўздан кечирган Ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда масъуллар, ота-оналар ва соҳа ходимларига тарбияланувчилар томонидан бадиий дастурлар намойиш этилди. Ўз навбатида болажонлар ўйинчоқлар билан тақдирланишди.

Муассаса имкониятларига мос равишда ошхона ҳам қулай ва шинам. Шунингдек, логопед, психолог каби ходимлар учун зарур шароитлар яратилган.

МТТ педагогик жамоаси келгусида 2 ёшдаги болалар учун қўшимча гуруҳлар очиш, болаларнинг билим даражасини ошириш мақсадида ментал арифметика ҳамда инглиз тили тўгаракларини ташкил этишни режалашган. Амалга оширилаётган ишлар эса муассаса тарбияланувчиларини ҳар томонлама етук ва баркамол этиб вояга етказишга хизмат қилади.

Text to speech