Жиззах вилояти ҳокимлигида халқ депутатларининг навбатдаги сессияси ўтказилди
Жиззах вилояти ҳокимлиги мажлислар залида халқ
депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг навбатдаги эллик биринчи сессияси
ўтказилди. Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши раиси,
вилоят ҳокими Эргаш Салиев олиб борган сессия кун тартибидаги
масалалар қатори вилоят ички
ишлар органлари томонидан ўтган 2023 йилда жамоат хавфсизлигини таъминловчи ва
унда иштирок этувчи субъектлар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва йўл
қўйилган камчиликлар тўғрисида вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник
Раҳматулла Бўриевнинг ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланишича,
“Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларни
жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида ҳуқуқбузарликлар содир этиш ёки
ундан жабрланиш мумкин бўлган шахсларнинг муаммоларини “маҳалла бешлиги” билан
ҳамкорликда ҳал этиш йўлга қўйилди. Олиб борилган профилактик тадбирлар
натижасида вилоятдаги 308 та маҳалланинг 158 тасида ёки 51,3 фоизида бирорта
ҳам жиноят содир этилмаган, 28,9 фоизида эса камайишига эришилди.
Бундан ташқари вилоятдаги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг
ижтимоий-иқтисодий муаммолари ўрганилиб “қизил” тоифага киритилди ва 700
нафарга яқини ички ишлар органлари раҳбарларига бириктирилди. Улар билан
учрашувларда кўтарилган масалаларнинг 98 фоизи ҳал қилинди. Маърузачи, шунингдек
ёшлар, вояга етмаганлар, хотин-қизлар жиноятчилиги, унинг олдини олиш юзасидан
кўрилган чоралар, шу қаторда келгусида жиноятчиликнинг
барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш юзасидан “маҳалла
еттилиги” ишчи гуруҳ имкониятларидан
тўғри ва унумли фойдаланиш, ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари асосида маҳаллалларни
жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантиришга қаратилган манзилли чора-тадбирларни маълум
қилди.
Сессияда мамлакатимиз Президентининг 2022
йил 4 апрелдаги “Автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва
ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2022 йил 12
июлдаги “2022—2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва
равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорларининг ижроси юзасидан
вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи, подполковник Муродбек Шерлиевнинг ахбороти эшитилди.
Сессия кун тартибидаги 11 та масалани
депутатлар атрофлича муҳокама қилишиб, тегишли қарорлар қабул қилишди.