Жиззах вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбарлари криминоген вазиятни яхшилаш борасидаги ишларни ўрганишди
Жиззах вилояти прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Ислом Эргашходжаев
ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, Ўзбекистон
Республикаси Миллий гвардия вилоят бошқармаси бошлиғи, полковник Лочин Яхшиликов
ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, полковник Равшан
Ибрагимовлар Жиззах шаҳри маҳаллаларида тунги хизмат жараёнини, жиноятчиликни
жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганишди. Хусусан, Бунёдкор,
Ёшлик, Нурлиобод, Мирзо Улуғбек ва Обод маҳаллаларида секторлар раҳбарлари
ҳамда маҳалла фаоллари билан бирга ҳудудларда жорий йилнинг ўтган даврида содир
этилган қонунбузарликлар таҳлил қилинди.
Муҳокамада хотин-қизлар ва ёшлар жиноятчилигининг олдини олиш, уларни
касб-ҳунарга ўқитиш ва банд қилиш, тунги вақтда одамлар қоладиган ижтимоий соҳа
объектларида хавфсизликни таъминлаш, куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик
масалаларига эътибор қаратилди. Шу билан бирга ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар
фаоли ҳамда ёшлар етакчиси иш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича келгусида
қилиниши лозим бўлган вазифалар белгиланди.
Бундан ташқари аввалги ўрганишлар давомида белгилаб берилган вазифалар
ижросига эътибор қаратилди. Шунингдек, Қўшма қарор ижроси ҳамда Долзарб 40
кунлик тезкор-профилактик тадбирлар доирасида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий
ривожлантириш, кўп қаватли уйларни таъмирлаш, кузатув камералари ўрнатиш бўйича
шаҳар мутасаддиларига вазифалар юклатилди. Бундан ташқари маҳаллаларда
ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, жамоат тартибини сақлаш,
жиноятчиликка қарши курашиш ишлари самарадорлигини ошириш лозимлиги қайд
этилди.