Жиззахда “Генерал ва ёшлар” учрашуви ўтказилди
Марказий ҳарбий округининг Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмда 100 нафар ёшлар иштирокида ўтказилаётган 10 кунлик “Жасорат мактаби” ўқув йиғини давомида иштирокчиларининг ҳарбий қисмда олган таасуротларини билиш ва улар орасидан миллий армиямиз сафларида қолиш истагини билдирган ёшларга янги имкониятлар яратиш ҳамда уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Генерал ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Учрашувда Мудофаа вазирининг Тарбиявий ва мафкурафий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Ҳамдам Қаршиев, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Ойбек Саидов ҳамда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлар агентлиги марказий аппарати вакиллари ҳамда йиғин иштирокчилари қатнашишди.
Унда ҳар бир генерал ўз хизмат фаолияти, ҳаётий тажрибалари ва ёшларга берилаётган имкониятлар хусусида тўхталди. Ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб юртимизни дунёга танитаётган ёшларни мисол келтиришди.
Шунингдек ёшларга Қуролли Кучларда муддатли ҳарбий хизматга бориш ва ишга қолиш тартиби, олий ҳарбий таълим муассасаларининг имтиёзлари, шунингдек юрт ҳимоячилари эришаётган ютуқлар юзасидан маълумотлар бериб ўтди.
Ушбу маълумотлар йиғин давомида ҳарбий хизматга қолиш истагида бўлган ёшларни шижоатини ошириб уларни янада руҳлантирди. Шундан сўнг, генераллар ёшларнинг йиғин давомида олган таасуротлари, билимлари, эришган ютуқлари билан қизиқиб, ёшларга сўз берди.
Учрашувда ҳар бир ёшнинг келгусидаги фаолияти ҳам алоҳида муҳокама этилиб, уларнинг ўрганган касб хунарлари бўйича шарт-шароитлар яратиш ҳамда тадбиркорликларини йўлга қўйишда кўмаклашиш масалалари кўриб чиқилди.
Якунда йиғин иштирокчилари учун Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамблининг консерт дастури намойиш этилди.