26 Ноябр 2021 йил 622

Жиззахда “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари!” шиори остида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди

Жиззах шаҳридаги мусиқали драма театрида “Янги Ўзбекистон - янги ички ишлар органлари!” шиори остида ички ишлар органлари фахрийлари, ёш ходимлар, ИИВ Жиззах академик лицейи ўқувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари иштирокида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда республика ИИВ академияси бошлиғининг маслаҳатчиси, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбов, ИИВ фахрийлар кенгаши аъзолари, генерал-майор Раим Каримов ҳамда полковник Аваз Азизхўжаевлар давлатимиз раҳбари бошчилигида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, шунингдек тинчлик ва осойишталикни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар тўғрисида атрофлича тўхталдилар.

Чунончи, соҳага оид қонунчиликни мустаҳкамлаш, тизим моддий-техник базасини кучайтириш ва замонавий технологияларни қўллаш борасидаги ўзгаришлар тилга тилга олинди. Мустақил республикамизда ички ишлар органларининг ташкил этилиши ҳамда соҳанинг тараққиёт босқичлари ҳақида сўз юритилди. “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш каби масалаларга оид тавсиялар билдирилди. Мамлакатимизда ёшларнинг билим олишлари ва касб-ҳунар эгаллашлари ҳамда бандликни таъминлаш бўйича яратилаётган шароит ва имкониятлар хусусида мулоҳазалар юритилиб, улар Ватанга шижоат ва садоқат билан хизмат қилишга чақирилди.

Худди шундай, қонунубузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишда хориж тажрибаларини жорий этиш юзасидан фикрлар баён қилинди. Учрашувда ИИВ академияси профессори, полковник Шариф Қобилов ички органлари ходимларини ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги  чора-тадбирлар хусусида чиқиш қилди.

Мулоқотлар давомида ИИВ академияси бошлиғининг маслаҳатчиси, генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбовнинг “Ўзбекистонда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш тарихи” китобининг тақдимоти уюштирилди. Шундан сўнг мазкур китоб нусхалари Жиззах вилояти ИИБ, Жиззах шаҳридаги олий ўқув юртлари, ИИВ Жиззах академик лицейи масъуллари ҳамда фахрийлар, фаол ходимлар, талаба ва ўқувчиларга топширилди.

Тадбирда Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, сўнгги йилларда вилоят ички ишлар органлари тизимида рўй берган ўзгаришлар ҳамда жиноятчиликни жиловлаш борасида эришилган натижалар ҳақида маълумот берди. Учрашув давомида ёшлар фахрийлардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech