Жиззахда кўпкураш мусобақаси якунланди
9-11 ноябрь кунлари Ички ишлар вазирлигининг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари терма жамоалари ўртасида спортнинг “Ҳарбий кўпкураш” тури бўйича мусобақа ўтказилди. Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятлари ички ишлар бошқармалари терма жамоалари иштирокидаги гуруҳ босқичига Жиззах шаҳри мезбонлик қилди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев юртимизда оммавий спортни ривожлантириш, мусобақанинг аҳамияти ва мақсади хусусида тўхталди ва иштирокчиларга омад тилади.
Шундан сўнг беллашувлар бошланди. Низом асосида дастлаб эркаклар ўртасида турникда тортилиш, аёллар ўртасида эса куч ишлатиладиган машқлар комплекси бажарилди. Терма жамоалари аъзолари 4 нафардан бўлиб, бир нафардан 30 ёшгача аёллар ҳамда эркаклар 3 та ёш тоифасида маҳоратларини намойиш этдилар.
Асосий мақсад ходимларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини, фавқулодда ҳолатларда ҳаракатланиш маҳорати ва малакасини оширишга қаратилган беллашувнинг турникка тортилиш баҳсларида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси терма жамоаси аъзолари фаоллик кўрсатишди.
Ҳарбий кўпкураш мусобақасидан ўрин олган 400 метрга югуриш эстафетасида ҳам вилоятимиз спортчилари илғорликни қўлдан беришмади. Худди шундай, эркаклар ўртасидаги ёш тоифалари бўйича 3 минг метрга югуришда маҳорат ўз сўзини айтди. Чунончи, 35 ёшгача ва 35 дан юқори ёш тоифаларида Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси терма жамоа аъзолари финиш чизиғига биринчилардан бўлиб етиб келишди. Ўқ отиш беллашувлари ҳам қизғин кечди.
Айтиш жоиз, ҳарбий кўпкураш мусобақасининг биринчи босқичи 4 та гуруҳда, Жиззах вилоятидан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган ва Тошкент вилоятларида ўтказилди. Гуруҳлар ғолиблари якуний босқичда қатнашиш имкониятига эга бўлишади.
Жиззах шаҳрида ўтган беллашувда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси терма жамоаси биринчи, самарқандликлар иккинчи ва Сирдарё вилояти терма жамоаси учинчи ўринни қўлга киритишди.