11 Сентябр 2021 йил 657

Жиззахда онлайн судларни ўтказишга оид ўқув-семинари ўтказилди

Республикамиз Президентининг жорий йил 2 апрелдаги “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ички ишлар органлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш кўрсатиб ўтилган. Шу маънода, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида профилактика инспекторлари юритувида бўлган маъмурий ишларни онлайн тарзда  кўриб чиқиш самарадорлигини оширишга бағишланган ўқув-семинари ташкил этилди.

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси, шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимлари масъуллари, профилактика инспекторлари, Жиззах вилояти суди ҳамда жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туманлар судьялари иштирокида видеоселектор тарзида ўтган ўқув-семинари аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, Жиззах вилояти судининг раиси Ўткир Жумаев ва бошқалар сўзга чиқиб, вилоят ички ишлар органлари тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш жараёни ҳамда маъмурий ишларни судларда онлайн кўриб чиқиш масаласида тўхталдилар.

Чунончи, вилоятдаги ички ишлар органлари таянч пунктларининг 165 тасидан 139 тасида, яъни 84 фоизи интернет тармоғига уланиб, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни судда онлайн кўриш имконияти яратилган. Айни мақсадда профилактика инспекторларига шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан 125 та, республика Ички ишлар вазирлиги томонидан 30 та компьютер жамланмалари ҳамда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан 136 та веб-камера ажратилди. Яна 26 та таянч пунктини интернетга улаш учун оптик толали тармоқ тортиш ишлари давом эттирилаяпти. Шунингдек, айрим таянч пунктларида таъмир ишлари амалга оширилмоқда.

Ўқув-семинар давомида суд мажлисларини масофадан туриб, мобиль видеоконференцалоқа шаклида ўтказиш борасида камчиликларга йўл қўйилаётгани билдирилди. Шунингдек, маъмурий баённома расмийлаштириш, ишга оид ҳужжатларни жамлаш, ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини квалификациялаш, терговга қадар текширувни ўтказишда кузатилган нуқсонлар тилга олинди ва бу каби хатоликлар такрорланмаслиги учун тавсиялар билдирилди. Юритилаётган ҳужжатларни тўлиқ электрон шаклга ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Хуллас, судлар ва ички ишлар органлари ҳамкорлигини кучайтириш орқали қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоялаш чоралари белгилаб олинди.

Тадбирда иштирокчилар ахборот-коммуникация воситаларини амалиётга қўллаш ҳамда қонунлар ижросини таъминлаш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Шунингдек, ходимларнинг билим ва тажрибаларини оширишга қаратилган бу каби ўқувларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди. Якунда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги фаолияти муҳокама этилди.

 

Text to speech