18 Феврал 2023 йил 466

Жиззахда маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Жиззах вилояти ИИБда “Дунёдаги геосиёсий вазият ва унинг Ўзбекистонга таъсири” мавзусида навбатдаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ҳамидулло Абдуллаев бошқарган тадбирда мавзу юзасидан ЖДПУ фалсафа, тарбия ва ҳуқуқ таълими кафедраси ўқитувчиси, фалсафа доктори Аброр Тўраев маъруза қилди. Нотиқ глобаллашув жараёнларининг кучайиши ҳамда замонавий ахборот технологияларининг жадал ривож­ланиши инсониятни кескин бурилиш палласига етаклаётганини таъкидлади. Шунингдек, мамлакатимизнинг ички сиёсатида кузатилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, очиқлик ва янгиланишлар унинг ташқи сиёсатида ҳам яққол намоён бўлаётгани, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида давлат органларининг халқ иродасини ифода этиб, инсон манфаатларига хизмат қилишида муҳим омил бўлаётгани қайд этилди.

Маънавий-маърифий тадбирда вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш хусусида сўз юритди. Ҳар бир ходим хизмат жараёнида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз” концептуал ғоя асосида иш олиб бориши лозимлиги уқтирилди. Шу билан бирга Ички ишлар вазирининг буйруғи билан бир гуруҳ ходимлар моддий ёрдам ҳамда бошқарма бошлиғининг буйруғи билан бир неча соҳа вакиллари пул мукофотлари билан тақдирланди.

Бундан ташқари вилоят ташкилотлари, корхоналар, муассасалар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият олиб бораётган 30 ёшдан юқори ходимлари ўртасида спортнинг мини футбол тури бўйича ўтказилган беллашувда ғолибликни қўлга киритган вилоят ИИБ жамоасига кубок топширилди.

Маърифатда жамоат тартибини сақлаш, осойишталикни таъминлаш йўлида хизмат қилаётган соҳа ходимларига фуқаролар томонидан йўлланган миннатдорчилик хатлари ўқиб эшиттирилди. Қонунчиликдаги янгилик ва ўзгаришлар маълум қилиниб, анъанавий тарзда савол-жавоб ўтказилди.

Text to speech