Жиззахда “Smart mahalla” мобиль ахборот дастури жорий қилинади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 26 мартдаги “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонига асосан Ички ишлар вазирлигига “Smart mahalla” ахборот тизимини яратиш вазифаси юклатилган эди. Фармон асосида Ички ишлар вазирлиги томонидан “Smart маҳалла” ахборот тизими яратилиб, бугунга қадар Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятларида ишга туширилди.
Жиззах вилоятининг сектор штаблари, маҳалла идоралари, ҳуқуқ-тартибот масканлари ва аҳоли демографияси ҳақидаги маълумотлар базалари шакллантирилиб, Жиззахда ҳам фойдаланиш имконияти юзага келтирилди. Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида мазкур “Smart маҳалла” ахборот дастурининг тақдимоти ўтказилди. Вилоятдаги барча секторларнинг масъул котиблари иштирокидаги тадбирда масъуллар томонидан иштирокчиларга дастурнинг аҳамияти, қулайликлари ва функциялари тўлиқ тушунтирилди.
Мобиль ахборот тизими доирасида фуқароларга масофадан туриб электрон хизматларни кўрсатиш назарда тутилган ва аҳоли учун мобиль илова ҳамда администраторлар учун веб-платформа шаклида ишлаб чиқилган. Бу жараёнда фуқаро “Smart mahalla” мобиль ахборот тизимини смартфонига юклаб ўз маҳалласи кезимида рўйхатдан ўтади. Тақдимотда тизимдаги “Менинг маҳаллам”, “Менинг инспекторим”, шунингдек, давлат органлари ва секторга мурожаат, ёрдам каби 9 та менюларидан фойдаланиш имкониятлари тушунтирилди. Шунингдек, йўлланган мурожаатни кузатиш, кўриб чиқиш натижаси бўйича профилактика инспекторлари ва сектор раҳбари фаолиятига баҳо бериши мумкинлиги айтилди.
Қисқаси, “Smart mahalla” ахборот дастурининг вазифаси аҳолига енгиллик яратиш, очиқлик сиёсатини юритиш, фуқароларнинг тегишли давлат органларига мурожаат қилишларидаги жараёнларни максимал тарзда автоматлаштиришга қаратилган.
Тадбирда секторларда веб-платформада ишлаш, яъни мурожжатларни кўриб чиқиш, жавоб бериш ва админстраторларнинг вазифалари тўлиқ тушунтирилди. Иштирокчилар “Smart маҳалла” мобиль ахборот тизими бўйича мутахассислардан саволларига жавоб олдилар. Қўшимча қулайликлар яратиш ва янада такомиллаштиришга оид таклифлар илгари сурилди.
“Smart mahalla” ахборот дастури жорий йил якунига қадар Республиканинг барча ҳудудларида татбиқ этилади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати