8 Август 2025 йил 661

Жиззахда спортнинг қўл жанги тури бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақаси ўтказилди

Жиззах шаҳридаги Киберспорт мажмуасида спортнинг қўл жангги тури бўйича Ички ишлар вазири кубоги учун мусобақа ўтказилди. 3 кун давом этган беллашувда Ички ишлар вазирлиги таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўзларининг маҳоратларини намойиш этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2022 йил 20 июндаги “Қўл жангги спорт турини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган спорт тадбирида эркаклар 57, 62, 67, 73, 80, 88, 97 ва 97 килограммдан юқори вазн, қизлар эса 58 килограммгача ва ундан юқори вазн тоифаларида имкониятларини намойиш этишди. Ҳар бир беллашув қизғин кечди ва якунда куч, чаққонлик ва маҳорат ўз сўзини айтди.

Қизиқарли ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлган мазкур мусобақада ҳар бир вазн тоифасида ғолибликни қўлга киритган спортчилар диплом, медал ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Шоҳсупадан жой эгаллаган спортчиларга совғаларни Жиззах вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари тантанали равишда топширишди.

Беллашувда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Фарғона вилояти ИИБ терма жамоаси эгаллаб, Ички ишлар вазири кубогини қўлга киритган бўлса, кейинги ўринни Тошкент шаҳри ва учинчи ўринни Жиззах ва Навоий вилояти терма жамоалари банд этишди. Тадбирда спортчилар орасидан “Энг яхши техника устаси” ва “Ғалабага бўлган интилиши” номинациялари ғолиблари ҳамда ҳакамлар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech