Жиззахда терговчиларнинг билим ва амалий кўникмаси оширилди
Жиззах вилояти прокуратураси ва вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси ҳамкорлигида вилоят прокуратурасининг маҳкама, туман ва шаҳар ҳамда ҳарбий прокуратура, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят, шаҳар ва туманлар бўлимлари, вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари терговчилари иштирокида ўқув-семинар ўтказилди. Семинар аввалида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев воқеа жойини кўздан кечириш, далилларни мустаҳкамлашга қаратилган тергов ва процессуал ҳаракатлар ҳамда амалиётда йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида тўхталди.
Ўқув
давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Республика Бош прокуратураси,
вилоят прокуратураси ва вилоят ички ИИБ мутасаддилари томонидан маърузалар
тингланди. Хусусан, замонавий кибер таҳдидлар ва уларга қарши курашиш, ҳодиса
содир бўлган жойни кўздан кечиришда замонавий техника воситалари ва рақамли
криминалистиканинг ҳозирги имкониятлари, порахўрлик жиноятлари ҳақидаги ариза
ва хабарларни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тергов қилиш ва судда
кўришда алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган ҳолатлар бўйича
иштирокчиларнинг билимлари бойитилди.
Бундан
ташқари энергия ресурсларининг талон-тарожи билан боғлиқ жиноят ишларини тергов
қилишнинг ўзига хос хусусиятлари, йўл-транспорт ҳодисалари бўйича терговга
қадар текширув ва тергов ҳаракатларини ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари
бўйича ҳам тушунчалар берилди.
Шу
қаторда пора олиш жинояти бўйича тезкор тадбир ўтказиш ва ҳужжатларни
расмийлаштириш тартиби, дрон орқали жиноятларни аниқлаш ва кўздан кечириш
бўйича тергов ҳаракати амалий тарзда кўрсатиб берилди. Шу куни иштирокчилар
вилоят ИИБ эксперт криминалистика марказининг имкониятлари ҳам билан
таништирилди. Ўз навбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб
олишди.
Якунида
бир гуруҳ терговчилар рағбатлантирилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати