Жиззахда “Уч авлод” маслаҳат кенгашининг IV республика конференцияси бўлиб ўтди
Жиззах вилоятида “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати
билан ички ишлар органларининг “Уч авлод” маслаҳат кенгашининг IV республика
конференцияси бўлиб ўтди. Мамлакатимиз раҳбарининг 2023 йил 12 сентябрдаги “Ўзбекистон
- 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифалар ижросини
таъминлаш мақсадида уюштирилган ушбу анжуманда юртимизнинг барча ҳудудларидаги
ички ишлар органлари фахрийлар кенгашлари аъзолари ҳамда ёш ходимлар иштирок этдилар.
Анжуманнинг биринчи куни амалий
тадбирлар ташкил қилинди. Чунончи, конференция қатнашчилари 5 та гуруҳга
ажралган ҳолда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидаги бир қатор таълим
муассасалари ўқувчилари, илм-фан,
санъат, спорт, ҳунармандчилик, тадбиркорлик соҳаларида юқори натижаларга
эришаётганлар ҳамда ички ишлар органларига бириктирилган ёшлар билан мулоқот
ўтказишди.
Бугун эса Зомин туманидаги “Ёшлар маркази”да анжуманнинг назарий қисми
бўлиб ўтди. Тадбирда Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Даврон
Назармухамедов, Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, истеъфодаги
генерал-полковник Зокиржон Алматов, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи,
генерал-майор Ғайрат Қодиров ва бошқалар сўзга чиқдилар.
Мулоқот чоғида ички ишлар органларига бириктирилган ёшлар билан ишлаш, ички ишлар органларининг ёш ходимлари билан тарбиявий ишларни амалга ошириш, мазкур йўналишларда илғор услуб ва тажрибаларни қўллаш масалалари эътиборда бўлди.
Анжуман якунида фахрийлар кенгашлари томонидан жойларда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар белгилаб олинди.
Жиззах вилояти
ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати.