Жиззахда ўтказилган сайёр қабулда 5 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилди
Ички ишлар органларида фуқаролар томонидан кўтарилаётган масалаларни манзилли ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жиззахда сайёр қабул ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Азизжон Меҳмоновнинг сайёр қабулида фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспорти ва идентификацион ID карта расмийлаштириш, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш, тан олиш, доимий ва вақтинча рўйхатдан ўтиш каби масалалар бўйича ёрдам сўришди. Қабулда ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Қозоғистон Республикаси фуқароси Зарнигор Араббоева айни дамда Пахтакор туманида истиқомат қилиб, вилоятдаги олий таълим муассасаси талабаси ҳисобланади. Унинг Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш гувоҳонаси олиш учун қилган мурожаати ўрганилиб, ҳал этилди. Нилуфар Комилова эски фуқаролик паспортини алмаштирмаган. Бу ўз навбатида ишга жойлашишида қатор муаммолар туғдирганлиги боис идентификацион ID карта олиш ва рўйхатга қўйишга оид мурожаати қаноатлантирилди.
Тадбир давомида 5 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганлиги муносабати билан уларга идентификацион ID карталар топширилди. Бир неча йиллардан буён доимий яшаш гувоҳномаси билан ҳаёт кечираётган фуқаролар эндиликда конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиш имконига эга бўлишди.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда шаҳар ва туман бўлинмалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказди. Тадбирда қонунчилик талабларига риоя этиш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, амалдаги меъёрий ҳужжатлар асосида иш юритиш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, сайёр қабулда фуқаролар томонидан билдирилган ва муддат талаб этиладиган масалалар бўйича чоралар белгиланиб, масъулларга топшириқлар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати