Зоминда Вазир кубоги учун мусобақа ўтказилмоқда
Айни кунларда юртимизнинг турли ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири кубоги учун ИИВ таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари ходимлари ўртасида футбол мусобақалари ўтказиляпти. Жумладан, “С” гуруҳ баҳслари Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги марказий стадионда кечмоқда.
Ушбу босқичда ИИВ халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонлиги, Тошкент шаҳри ҳамда Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятлари ички ишлар бошқармаларининг 5 та жамоаси иштирок этаётир. Дастлаб ИИВ халқаро аэропортларда хавфсизликни таъминлаш қўшинлари қўмондонлиги ва Жиззах вилояти ИИБ жамолари куч синашдилар. Бу ўйинда 3-1 ҳисобида меҳмонларнинг қўли баланд келди.
Пойтахт ва Сирдарё вилоятлари вакиллари беллашувида эса 5-1 ҳисоби қайд этилди. “С” гуруҳ баҳсларини 7 апрель куни ниҳоялаш режалаштирилган. Шу куни ғолиб жамоаларга кейинги босқич йўлланмалари топширилади.