1 Декабр 2023 йил 2766

Зоминлик ёшлар билан учрашув

           Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров, вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Савурбоев, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи, полковник Олим Бобоев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия вилоят бошқармаси бошлиғи, полковник Лочинбек Яхшиликовлар зоминлик ёшлар билан учрашишди. Тумандаги 60- сонли ўрта умумтаълим мактабида ўтган учрашув аввалида меҳмонлар мактаб қошидаги “Келажак касблари маркази” фаолияти билан танишиб, ёш авлоднинг касб ўрганиши ва истеъдодларини намоён қилишлари, билим олишлари учун яратилган қулайликларни кўздан кечиришди.

Туман ёшлари, мутасадди идора ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокидаги учрашувда юртимизда ёшларга қаратилган эътибор, таълим олиши, истеъдодини намоён этишлари, ҳунар ўрганишлари учун яратилган қулайликлар тилга олинди.

Бундан ташқари ёшларнинг жамиятда ўз ўринлари топишлари, бўш вақтларини мазмунли мақсадга йўналтиришлари лозимлиги қайд этилиб, тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, бу борадаги имтиёз ва имкониятлар тушунтирилди. Мулоқотда ёшлар ўзларини қийнаётган муаммоларини ҳам ҳал этишда ёрдам сўрашди. Хусусан, қизиқиши ва мутахассислиги бўйича ишга жойлашиш, тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш, кредит ажратиш, ускуналар олиш каби кўтарилган масалаларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга вазифалар юклатилди.

Тадбир давомида жорий йилнинг ўтган даврида ҳудуд ёшлари томонидан содир этилган қонунбузарликлар ҳам таҳлил қилинди ва келгусида ёшлар иштирокидаги жиноятларнинг олдини олиш, маънавий-маърифий тадбирлар кўламини кенгайтириш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.

Учрашувдан сўнг вилоят ИИБ бошлиғи туманнинг қизил тоифадаги Юксалиш маҳалласида бўлиб, маҳалла фаолари ва мутасаддилар билан бирга криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятчиликка қарши  курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишларни муҳокама қилди. Суҳбат чоғида ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, оила турмуш доирасидаги қонунбузарликларга барҳам бериш бўйича галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Text to speech